Ўзбекистон | 18:10 / 25.07.2020
40038
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ҳокими коронавирусдан вафот этган туманга янги раҳбар тайинланди

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажариш Оспанов Шарап Сaрсенбаевичга юклатилди. Бу ҳақда Kun.uz'га туман матбуот хизмати маълум қилди.

Шарап Сaрсенбаевич шу кунга қадар Қонликўл тумани ҳокими ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи вазифасида фаолият олиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев кеча, 24 июль куни коронавирус асоратларидан вафот этган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июль куни эрталаб берган ахборотга кўра, 37 ёшли Толибаев иситма, умумий ҳолсизлик ва қуруқ йўтал пайдо бўлгач, 10 июль куни республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония, ўткир респиратор дистресс синдром ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, мия шиши асоратлари билан кечган.

Шунингдек, беморда семизликнинг 3-даражаси, юрак ишемик касаллиги каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, мия шишидан вафот этган.

Даулет Толибаев 2019 йилнинг март ойида туман ҳокими этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид