Умрбод қамоққа маҳкум қилинган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди
Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган Азимжон Асқаров 25 июль куни вафот этди.
Қирғизистон расмийлари изоҳ бермаган бўлса-да, унинг ўлимини ҳамкасби Толекан Исмаилова ва адвокати Валерьян Вахитов тасдиқлади.
Сўнгги пайтларда 69 ёшли Асқаровнинг соғлиғи ёмонлашгани туфайли, адвокати уни шифохонага ётқизишни талаб қилган эди. Бироқ, ҳукумат маҳкумни Жазони ижро этиш давлат хизматининг марказий шифохонаси жойлашган 47-сонли колонияга ўтказишга қарор қилди.
Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг машҳур ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири бўлиб, умрининг сўнгги 10 йилини қамоқда ўтказди.
У 2010 йил 15 июнь куни Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низо вақтида қўлга олинди. Ҳуқуқ ҳимоячисига «оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш», «миллатлараро низони қўзғаш», «милиционернинг ўлдирилишига аралашиш» айблари қўйилди. Асқаров ўз айбини тан олмади. 2010 йил 15 сентябрь куни у умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинди.
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаровнинг қийноққа солинганини, унга нисбатан суд маҳкамаси адолатли бўлмаганини тан олди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаровнинг жазоланишини унинг фаолияти билан боғлашди – ҳуқуқшунос милиция томонидан қийноқларга солиниш ҳолатлари бўйича суриштирув ўтказар эди.
2016 йили БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматидан Асқаровга чиқарилган ҳукмни бекор қилишни ва зудлик билан қамоқдан озод этишни талаб қилди, аммо бу ҳолат юз бермади.
Мавзуга оид
18:48 / 28.09.2024
Хитойдан Қирғизистон орқали ўтадиган темир йўлнинг Ўзбекистондаги қисми қачон қурилиши маълум бўлди
20:44 / 26.09.2024
Садир Жапаров Асқар Акаевнинг Қирғизистон президенти лавозимида қилган учта асосий хатосини айтди
09:55 / 25.09.2024
Саидикром Ниёзхўжаев Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси этиб тайинланди
20:32 / 24.09.2024