Light | 22:51 / 29.07.2020
23987
4 дақиқада ўқилади

Қаҳратон одамлари — эскимосларнинг яшаш тарзи, қорли уйлари ва машғулотлари ҳақида

Эскимослар – шимолий ўлкаларда яшовчи, ташқи олам билан алоқалари жуда суст бўлган, ҳеч кимникига ўхшамайдиган ҳаёт тарзи ва одатларига эга кам сонли миллат.

Эскимослар Гренландия ороли, Канаданинг Нунавут ҳудуди, Аляска ороли ва Чукотка яриморолида истиқомат қилишади.

Эскимос сўзи ҳинду тилидаги «эскиманциг» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «хом балиқ истеъмол қилувчи одам» деган маънони ифодалайди. Бу миллат вакиллари эскалеут тилининг турли диалектларида сўзлашади. Жами вакиллари сони 170 минг киши атрофида.

Эскимослар бир неча оиладан иборат жамоаларга бирлашган ҳолда яшашади. Асосан умумий ов қуролларидан фойдаланишади ва бирга ов қилишади. Ўлжа ҳам ўртада тақсимланади, овда жонбозлик кўрсатган овчининг оиласи нисбатан кўпроқ улушга эга бўлади.

Улар ҳеч қандай бошқарув шаклларига эга эмас, барча масалалар ўзаро маслаҳат асосида ҳал қилинади.

Уларнинг яшаш жойи ўта совуқ ўлкалар бўлгани боис эскимослар табиат шароитларига мослашган ҳолда жон сақлашга ҳаракат қилишади.

Жамоада эркаклар биргаликда ов қилиш ва балиқ тутиш билан, аёллар эса олиб келинган гўштни тайёрлаш, кийим тикиш, болаларни тарбиялаш билан шуғулланишади.

Эскимосларнинг турар жойи ҳам одми ва ўзига хос. Гренландия эскимослари ҳаво ҳарорати нисбатан илиқ мавсумда буғу терисини тортиб тайёрланган чайласимон уйларда, қишда эса қорни пресслаб тайёрланадиган хона – иглуда туришади.

Чукотка, Дания эскимослари эса ёғоч, тош, лойдан ҳам бошпана ясашади. Диаметри ўртача 3-4 метрни ташкил қиладиган уй қисмларга бўлинади, ҳар бир қисмда битта оила – ўртача 10-11 киши истиқомат қилади.

Бошпанада ётоқдан ташқари ҳеч қандай жиҳоз йўқ. Қаҳратон мавсумида бир иглудан иккинчига ўтиш учун улар орасида тоннеллар қурилади.

Аёллар ҳам, эркаклар ҳам деярли бир хилда кийинишади – буғу терисидан қилинган, бўрсиқ жуни билан ишлов берилган қалин пўстин. Пўстинга турли геометрик шакллар билан нақш ҳам солинади.

Эскимосларнинг рўзғор буюмлари ҳам унча кўп эмас – чодир, чана, қайиқ, ит учун бўйинбоғ, идиш-товоқ, тикиш анжомлари. Улар узоғи билан бир йил муддатга озиқ-овқат ғамлашади.

Бу совуқ ўлкаларда урбанизация кузатила бошланганда эскимослар балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи заводлар учун ёлланма ишчи сифатида балиқ тутиш билан шуғуллана бошлашган.

Эскимосларнинг таомномаси ҳам асосан шимолий ўлка жониворлари – оқ айиқ, тюлен, буғу, морж гўштидан иборат. Қизиғи, улар гўштни хомлайин истеъмол қилишади.

Бутун атроф доимо совуқ бўлгани учун уларда деҳқончилик билан шуғулланиш имкони йўқ. Ёғли гўштнинг рационда кўплиги уларга қаҳратон шароитида яшашга имкон беради. Тиббий ўрганишларга кўра, эскимосларда ўсимликлар оқсили ва витаминлар етишмовчилиги кузатилади.

Европоид кишилар билан қўшничилик натижасида эскимослар орасида қисман насронийлик тарқалган бўлса-да, аксариятининг диний қарашлари шомонлик билан боғлиқ.

Мавзуга оид