Жаҳон | 18:03 / 31.07.2020
35148
7 дақиқада ўқилади

«Улар рейсга кечикишган» – Россия элчиси «вагнерчилар» Минскда нима қилаётгани ҳақида

Шу кунларда Беларусда қўлга олинган россияликлар хусусий қўриқлаш корхонаси ходимлари бўлиши мумкин. Россиянинг Беларусдаги элчиси Дмитрий Мезенцевнинг маълум қилишича, улар Минскдан Истанбулга учишни режалаштирганди. Беларусь ҳукумати эса улар «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари эканини иддао қилмоқда.

Россиянинг Минскдаги элчихонаси / VIKTOR DRACHEV/TASS

«Рейсга кечикишган»
«Минск яқинидаги «Белорусочка» санаторийсида жойлашган россияликлар республика пойтахтидаги миллий аэропорт рейсига кечикишгани учун шундай қилишга мажбур бўлишган. Улар Минскдан 25 июль куниёқ учинчи давлатга жўнаб кетишлари керак бўлган ва республикада бунча кўп вақт қолиб кетишни ўйлашмаган», - дейилади Мезенцевнинг элчихона сайтида эълон қилинган баёнотида.

Кейинроқ хабар таҳрирланди - ундаги тузатишга кўра, россияликлар Минскдан Истанбулга учишлари керак бўлган.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ушбу россияликлар кейинроқ Беларусга кирмасдан бошқа давлат орқали самолётда Москвага қайтишни режалаштирганди.

«Ҳали аниқлаштиришга зарурат бўлган маълумотга кўра, бу россияликлар хусусий қўриқлаш корхонаси ходимлари бўлиши мумкин. Улар тижорий шартнома бўйича, Беларусда эмас, бошқа давлат ҳудудида энергетик инфратузилма ва ресурсларни қўриқлаш учун ёлланган», деган Мезенцев.

Элчи уларнинг Минскка боришини Беларусда рўйхатдан ўтказилган тижорий фирма билан шартнома тузилгани орқали изоҳлаган.

«Уларнинг ҳар бири бу фирма билан меҳнат шартномаси тузишган», - деган у.

Россияликлар элчисининг сўзларига кўра, бу ҳодисани ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ҳолда Россиянинг қўшни давлат ички ишларига аралашуви сифатида баҳолаш «фақатгина дўст бўлмаган учинчи томонга икки қардош давлат муносабатларида зиддият келтириб чиқаришга ёрдам беради».

Беларусь тергов қўмитаси қўлга олинган россияликлар мамлакатда қўпорувчилик ҳаракатларига тайёргарлик кўрганини гумон қилмоқда. 9 август куни мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилади. Тергов қўмитаси ва Давлат хавфсизлиги қўмитаси қўлга олинганлар Украина, Сурия, Ливия ва дунёнинг бошқа чеккаларидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келадиган россияликларнинг «Вагнер» гуруҳи аъзолари эканини айтмоқда.

Июнь ойи охирида Ливия ҳукумати АҚШ ва Европа Иттифоқини «Вагнер» ХҲКга санкциялар қўллашга чақирганди, Триполидагилар ушбу ташкилот жангчилари яқинда Ливия ҳудудидаги нефть конларини босиб олганини айтишган. Аввалроқ ОАВда ушбу хусусий ҳарбий компания жангчилари Суриядаги нефть объектларини ҳам қўриқлаши ҳақида ёзилганди.

Воқеалар қандай ривожланди?
29 июль куни Беларусдаги БЕЛТА давлат агентлиги Минск ташқарисидаги санаторияда «Вагнер» ХҲК жангчилари экани гумонланган 32 нафар россиялик қўлга олингани ҳақида хабар берди. Кейинроқ бу маълумот Беларусь республика давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) томонидан тасдиқланди. Мамлакат жанубида ҳам яна бир россиялик қўлга олинди.

«Минск яқинида Россия Федерациясининг 32 фуқароси - ҳарбийлашган ташкилот, Вагнер хусусий ҳарбий компанияси аъзолари қўлга олинди», деди Беларусь КГБ раҳбари Валерий Вакульчик мамлакат президенти Александр Лукашенко иштирокида Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан ўтказилган шошилинч йиғилиш вақтида.

Президентнинг бу маълумотга аниқлик киритиш бўйича берган саволига жавобан Вакульчик тасдиқ ишорасини қилган. Беларусь раҳбари мамлакат ҳудудида россияликларнинг қўлга олинишини фавқулодда ҳодиса деб атади ва Россия томонидан тушунтириш талаб қилди.

Беларусь ҳукумати «Вагнер» аъзоларининг мамлакат пойтахтига келишини 9 август кунига белгиланган президентлик сайловлари олдидан мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниш сифатида баҳолади.

Беларуслик терговчилар россияликларнинг қўлга олинишини Сергей Тихановский билан боғлашмоқда

Россияликлар қўлга олиниши ортидан Лукашенко Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди
NIKOLAI PETROV/BELTA/TASS

Пайшанба куни Беларусь тергов қўмитаси қўлга олинган россияликлар оммавий тартибсизликларни тайёрлашда гумонланаётганини маълум қилди. Муассаса баёнотида қайд этилишича, гап Беларусь президентлиги учун номзод бўлмиш Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи қўлга олинишига сабаб бўлган тартибсизликлар ҳақида (у июнь ойида «жамоат тартибини қўпол равишда бузувчи ҳаракатлар» тайёрлаганликда айбланиб қўлга олинган ва сайловда номзод сифатида қатнашишига йўл қўйилмаганди) кетмоқда.

Беларусь Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Андрей Равков қўлга олинган россияликлар кўрсатма беришни бошлагани, уларга нисбатан теракт содир этиш айблови бўйича жиноий иш очилгани, махсус хизматлар эса республика ҳудудида бўлиши мумкин бўлган 200 нафарга яқин жангарини қидираётганини маълум қилган.

Беларусь нашрлари «Белорусочка» санаториясида қўлга олинганлар сайёҳларга хос бўлмаган ҳаракатлари билан шубҳа туғдиришгани ҳақида ёзишган - хусусан, улар умуман спиртли ичимликлар сўрашмаган ва барчаси милитари услубидаги кийимда бўлган. Россия элчиси бу ҳақдаги саволга жавобан, «камуфляж формада бўлиш ва славянча меҳмондўстлик анъаналарига зид равишда қадаҳ қўтармаслик» ҳибсга олиш учун сабаб бўла олмаслигини айтди.

Пайшанба куни Минск Киевга қўлга олинган россияликларнинг Украинада содир этилган жиноятларга алоқадорлиги бўйича маълумотни текширишни сўраб мурожаат қилгани маълум бўлди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль россияликларнинг қўлга олинишига нима сабаб бўлгани ҳақидаги маълумотни кутаётганини билдирди, аммо у Россия ва Беларусь раҳбарларининг бу масалада телефон мулоқоти режалаштирилмаётганини маълум қилди.

«биз бу борада тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Айтишим мумкин бўлгани шуки, Россиянинг 33 фуқароси Беларусда қўлга олинган ва яна 200 киши қидирувда. Россияликлар қўлга олишга сабаб бўладиган қандайдир ҳаракат қилгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз», - деган Песков.

У украиналик журналистнинг Россия нима учун «Вагнер» ХҲКни Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки учун таъқиб қилмаслиги ҳақидаги саволига шундай жавоб қайтарган: « Айтингчи, «Вагнер» нима ўзи? Россияда юридик жиҳатдан, де-юре ХҲК «Вагнер» деган тушунча йўқ. Хусусий ҳарбий компания нима у ўзи? Масалан, хусусий қўриқлаш корхонаси бор. Аммо Россия қонунчилигида хусусий ҳарбий компания деган тушунча йўқ».

Мавзуга оид