Жаҳон | 00:07 / 01.08.2020
10269
3 дақиқада ўқилади

Польша Сейми: Смоленскдаги авиаҳалокатга тротилнинг икки марта портлаши сабаб бўлган

Польша парламентида 2010 йилда Россиянинг Смоленск шаҳри аэропорти остонасида президент Лех Качинский бортида бўлган Ту-154М самолёти ҳалокати сабабларини қайта ўрганиш якунлари эълон қилинди. Ўша авиаҳалокатда Польша президенти билан бирга 95 нафар олий мартабали сиёсатчилар ва ҳарбийлар ҳалок бўлишган эди.

Фожиа жиҳатларини ўрганган парламент комиссияси хулосасига кўра, самолёт бортида икки бор портлаш рўй берган – чап қанот соҳасида ва самолётнинг марказий бўлмасида. «Польша радиоси» хабарига кўра, самолёт парчаларида мутахассислар тротил, гексоген ва пентрит изларини топишган. Портлаш факти самолётнинг бузилиш характери, парчаларнинг сочилиши, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жароҳатлари билан тасдиқланади.

«Россиялик суриштирувчилар манзилиги Польша самолётининг қулаши сабабларини ўргана туриб, унинг саҳнида портлаш бўлганини яширганлик айблови янграмоқда», – дейилади хабарда.

Сеймдаги комиссия раиси Антони Мацеревич самолётнинг сўнгги дақиқалари моделлаштирилган видеони Твиттерга жойлаштирган.

2010 йилнинг 10 апрелида Польша ҲХКга тегишли Ту-154 самолётида сиёсатчилар, ҳарбийлар ва бошқа олий мартабали шахслардан иборат делегация Россиядаги Катинь шаҳарчасига СССР НКВДси томонидан 1940 йилда отиб ташланган польшалик ҳарбийлар хотирасини ёд этиш учун йўл олишган эди. Самолёт бортида Польша президенти Лех Качинский, унинг рафиқаси, Польша олий қўмондонлигидан бир неча генерал, Польша президенти маъмуриятидаги муҳим шахслар ҳам бор эди.

Бунгача ҳалокат сабабларини вазир Антоний Мацеревич бошчилигидаги Польша мудофаа вазирлиги ўрганган эди. 2018 йилда у самолётнинг қулашига унинг бортидаги портлашлар сабаб бўлганини айтиб ўтган эди.

Россия тергов қўмитаси самолёт бортидаги портлаш версиясини асосланмаган деб ҳисоблайди. Россия томони версиясига кўра, фалокатда кўриш ёмон бўлган шароитларда самолётни қўндиришга уринган ва захира аэродромига учиб кетишни рад этган поляк учувчилари айбдор. Натижада, самолёт одатдагидан тезроқ пастлаб, оққайинга урилган ва бошқарувни йўқотиб, тескари бўлиб кетган.

Польшада лайнернинг фалокатида айб Россия томонига ағдарилмоқда. Мацеревичнинг ҳисоблашича, россиялик диспетчерлар ва номи айтилмаётган «учинчи шахс» қасддан Польша ҳукумат лайнерининг ҳалокатини келтириб чиқарган.

РФ президенти Владимир Путин бир неча йил аввал Польша ҳукуматига Смоленскдаги фалокатни «унутиб», рус-поляк муносабатларини ривожлантиришни давом этишни таклиф этганди.

«Бемаъни гап-сўзларни бас қилиш керак. Биз бу офат, фалокатни биргаликда бошдан кечирдик, энди йўқ жойдан уйдирмалар тўқиб чиқариш ярамайди. Фожиа юз бердими — унга фожиа каби муносабатда бўлиш керак», – деган Путин самолёт бортида портлаш бўлгани эҳтимоли ва Польшада бу борада олиб борилаётган суриштирувлар тўғрисидаги саволга жавоб бера туриб.

«Бу фожиага ёпишиб олиш – рус-поляк муносабатларига келгусида зарба беради. Муносабатлар эса ички сиёсий курашлардан муҳимроқ. Саҳифани ағдаринг, улғайинг, балоғатлироқ бўлинг», – деганди Путин.

Мавзуга оид