Жаҳон | 00:31 / 03.08.2020
35537
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Мельбурнда коммендантлик соати, Берлинда намойишлар

Жонса Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 18 миллионга яқинлашган, 685 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган. Пандемия Австралия, АҚШ, Жанубий Африка ва Ҳиндистонда шиддат билан тарқалишда давом этмоқда.

Австралиянинг Виктория штати касаллик авж олиши фонида қатъий карантин жорий этган - сўнгги бир кунда бу ерда 671та янги ҳолат қайд этилган.

Штат маркази Мельбурнда эҳтиёткорлик чораларининг 4-даражаси эълон қилинган, унга кўра шаҳар аҳолисига уйни фақат озиқ-овқат харид қилиш учун тарк этишга рухсат берилади, шунингдек, спорт билан шуғулланиш мумкин, бунда уйдан 5 километрдан ортиқ масофада узоқлашмаслик керак бўлади.

Бу чекловлар камида 6 ҳафта давомида амалда бўлади. Штат бош вазири Дэниел Эндрюснинг изоҳлашича, шифокорлар касаллик тасдиқланган 760 кишининг вирусни юқтириб олиш манбасини аниқлай олмаган.

Эндрюснинг сўзларига кўра, аввалроқ жорий этилган карантин чоралари етарли натижа келтирмаган. «Биз қатъийроқ ҳаракатланишимиз зарур. Бу касалликни енгиб ўтишнинг ягона чораси», - деган у.

«Манбаси аниқланмаган ҳолатлар» қандай пайдо бўлмоқда?
Экспертларни «манбаси аниқланмаган ҳолатлар» тушунчаси ташвишга солмоқда - бунда янги беморни ҳукуматга маълум бўлган касаллик ўчоғи билан боғлаб бўлмайди ёки унинг коронавирус ташувчилари билан алоқаси тасдиқланмайди.

Айнан шу омил инфекция тарқалишини жиловлашни мураккаблаштирмоқда ва ҳукуматни нисбатан қатъийроқ чеклов чоралари жорий қилишга ундамоқда. Айни вақтда Мельбурндаги ҳолатларнинг ярмидан кўпроғида касаллик занжирини аниқлаб бўлмаган.

7,5 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Ҳонгконг баҳорда қатъий карантинсиз ҳам касаллик кенг тарқалишининг олдини ололганди, аммо июлда бу шаҳарда вирус авж ола бошлади - бу ерда ҳам кўпчилик ҳолатларнинг юқтириш манбасини аниқлаб бўлмади.

Натижада ҳукумат дарҳол мактабларни таътилга чиқарди, барларни, фитнес-клубларни ва пляжларни ёпди; жамоат жойида 4 кишидан кўп бўлиб йиғилиш тақиқланди, тиббий ниқоб тақмаганлик учун йирик жарималар қўллана бошланди.

Ҳозиргача пандемиядан нисбатан кам жабр кўрган давлатлардан бўлиб келаётган Японияда ҳам касаллик кенг тарқала бошлади. Bloomberg Law маълумотига кўра, «манбаси аниқ бўлмаган» касалланиш ҳолатлари июнь ойи ўрталарида жами ҳолатларнинг 19 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб бу рақам 51 фоизга етган. Аммо Япония ҳукумати дўконлар ва муассасалар биноларини ёпишга шошилмаяпти, фақат аҳолидан ижтимоий масофага қатъий риоя этиш сўралмоқда.

Берлинда намойишлар
Берлинда пандемия туфайли янги чекловлар жорий этилишига қарши митинглар бошланди. Тартибсизликлар вақтида 45 нафар полициячи жароҳатланган, полиция 133 кишини қўлга олган.

Митинг шанба куни кундузи бошланган ва кечаси билан давом этган. Намойишчилар 1 август кунини пандемиядан «эркин кун» сифатида тан олишни талаб қилишган. Акцияга тахминан 20 минг киши йиғилган. Митинг хавфсизлигини таъминлаш учун 1,1 минг полициячи жалб этилган. Улар намойишчиларни масофа сақлаш ва тиббий ниқоб тақишга чақирган, аммо намойишчилар бунга қулоқ солмаган.

Натижада намойиш иштирокчилари полицияга ҳужум қилган ва уларга тошлар улоқтиришган. Полиция аввалига огоҳлантириш бериб, кейин маросим якунлангани ҳақида эълон қилган. Намойишчиларнинг бир қисми кетишни истамаган — уларни куч билан ҳайдашга тўғри келган. Қўлга олинганларнинг 89 нафарига жиноий иш қўзғатилган, қолганларига маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш очилган.

DW нашри хабарига кўра, акция Штутгартдаги «Querdenken 711» ташкилоти томонидан уюштирилган. Унинг таркибига фитна назариячилари, ўнг экстремистлар ва ковид-диссидентлар киради. Полиция маълумотига кўра, акция давомида Учинчи рейх байроқлари ҳам кўтарилган.

Германияда июль ойи охирига келиб Covid-19 тарқалиши тезлашди. Мамлакатда шу вақтгача 209 893 ҳолат қайд этилиб, 9141 киши вафот этган.

АҚШ: республикачилар қурултойи ёпиқ ўтказиладими?
Шанба куни Америка нашрлари, хусусан Associated Press агентлиги республикачилар партиясининг сайловолди съезди тарихда илк марта матбуот учун ёпиқ тарзда ўтказилиши ҳақида хабар тарқатди, бу қурултойда партия Дональд Трамп номзодини президентлик сайловида расман номзод сифатида эълон қилиши керак.

Съезд 24 август куни Шимолий Каролинадаги Шарлотт шаҳрида 336 делегат иштирокида ўтказилиши белгиланган.

Аммо якшанба куни Республикачилар партияси бу хабарларни тасдиқламади ва бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини маълум қилди.

Оқ уйнинг коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича координатори Дебор Биркс дам олиш кунларида АҚШ пандемия билан курашнинг янги босқичига кираётгани ҳақида огоҳлантирди.

CNN нашрига берган интервьюсида у инфекция мамлакат бўйлаб кенг тарқалганини тасдиқлаб, аҳолига пандемиянинг биринчи босқичидан кўра каттароқ хавф солаётганини маълум қилди. У қишлоқ ҳудудлари аҳолисини ҳам касалланиш хавфи ҳақида огоҳлантирган.

Дунёда яна нималар бўлмоқда?
Россияда якшанба куни 5 427та янги ҳолат қайд этилди, пандемия давридаги жами ҳолатлар сони 850 мингдан ошди, РФ касалланиш ҳолатлари сони бўйича тўртинчи ўринда бормоқда.

Лотин Америкасида коронавирусдан вафот этганлар сони 200 мингдан ошди, қурбонларнинг катта қисми - 75 фоизи - Бразилия ва Мексика ҳиссасига тўғри келади.

Жанубий Африкада қайд этилган ҳолатлар сони 500 мингдан ошди, бу мамлакатда яна «қуруқ қонун» амал қила бошлади, ҳукумат қатъий карантин орқали янги касалланиш ҳолатларини камайтириб, соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани камайтирмоқчи.

Ҳиндистонда қаторасига учинчи кун янги касалланиш ҳолатлари сони 50 мингдан ортиқ бўлмоқда.

Эронда ўтган кунда 2 685та янги ҳолат қайд этилди - бу сўнгги бир ой ичидаги энг юқори кунлик ўсишдир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Сима Садат Ларининг айтишича, мамлакатнинг 31 вилоятидан 25тасида хавотирли вазият юзага келган.

Мавзуга оид