Жаҳон | 21:50 / 17.11.2024
1946
2 дақиқада ўқилади

Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди

Иштирокчилар Россия ҳукумати, раҳбариятига, Украинадаги урушга қарши шиорларни айтишди. Марш Россия элчихонаси олдида якунланди.

Фото: AP

Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди. Намойишчилар Россия элчихонаси биноси олдига етиб боришди. У ерда митинг ташкилотчилари Иля Яшин, Владимир Кара-Мурза ва Юлия Навалная йиғилганларга мурожаат қилди.

Яшин, хусусан, шундай деди: «Сиз чиқиб, Путин Россия эмаслигини кўрсатганингиздан жуда миннатдорман. Россия бу биз. Биз урушга, тажовузга қаршимиз, биз эркин, тинч Россия тарафдоримиз».

Кара-Мурза бу марҳум Борис Немцовнинг энг севимли шиори эканлигини таъкидлаб, «Чекистлар ҳукумати йўқолсин» деб ҳайқирди. «Сиз ҳар қандай сайлов натижаларини сохталаштиришингиз мумкин, сиз сўровлар натижаларини сохталаштиришингиз мумкин, аммо бу ёрқин, гўзал инсонлар юзларидан иборат денгизни сохталаштира олмайсиз», деди у.

Юлия Навалня стол устига чиқиб шундай деди: «Мен биринчи марта стол устида гапиряпман, лекин агар столга чиқиб, Путинни қотил деб айтиш керак бўлса, мен столга чиқиб, Путинни қотил деб айтаман», деди у.

Акция бошланганидан кейин полиция иштирокчилар сони 1800 киши эканини маълум қилди. «Медуза» мухбирлари маршга 2-3 минг киши келганини таъкидлади. «Дождь» 4-5 минг иштирокчи ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид