Ўзбекистон | 21:56 / 03.08.2020
6835
2 дақиқада ўқилади

Фермернинг ер сўраб ёзган мурожаатини жавобсиз қолдирган ҳоким ўринбосари жаримага тортилди

Бизнес-омбудсман аралашуви билан маъмурий суд Амударё туман ҳокими ўринбосари Файзулла Саъдуллаевни жавобгарликка тортган.

«Амударё туманида фаолият юритувчи «Аму наслли чорва» номли фермер хўжалиги раҳбари чорвачиликни ривожлантириш учун ер ажратилмаётганлигидан норози бўлиб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан фермер хўжалигига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2020 йилнинг 5 май куни туман ҳокимлигига сўров хати юборилган. Хат ижроси туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Файзулла Саъдуллаевга йўналтирилган.

Сўров хатида мурожаат юзасидан тегишли маълумотлар жорий йилнинг 11 май кунига қадар тақдим қилиниши кўрсатилган бўлса-да, Ф.Саъдуллаев томонидан сўров хати беэътибор қолдирилган. Юқоридаги қонунбузилиш юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган ва Амударё туман маъмурий суди қарори билан ҳоким ўринбосарига жарима жазоси тайинланди», дейилади Бизнес-омбудсман ахборот хизматининг хабарида.

Хабарда жарима миқдорига аниқлик киритилмаган.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра мансабдор шахслар бизнес-омбудсманга кўмаклашиши, у томонидан сўралаётган маълумотларни сўров олинган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмасдан тақдим этиши шартлиги белгиланган.

Мавзуга оид