Пневмониянинг турлари, тиббий статистика ва мавсумийлик омили — эксперт билан суҳбат
Пандемия даврида Kun.uz сайтида коронавирус касаллигига қарши курашиш бўйича туркум суҳбатлар уюштиряпмиз. Навбатдаги меҳмонимиз – Тошкент тиббиёт академияси 1-сон ички касалликлар кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наргиза Нуриллаева.
– Наргиза Мухтархановна, пандемия даврида COVID-19'дан ўлим кўрсаткичлари мунтазам эълон қилиб борилаётгани ҳолда пневмониядан ўлим ҳақида маълумот берилмаяпти. Бу борада сизда қандай маълумотлар бор, яъни пневмониядан ўлим кўрсаткичлари ошганми?
– Бутун дунё тиббий таснифи бўйича пневмония иккига бўлинган: касалхонадан ташқари ва касалхона ичи пневмонияси. Ҳозир касалхонадан ташқари пневмония тўғрисида маълумот бермоқчиман.
Касалхонадан ташқари пневмония – ўткир касаллик бўлиб, бошқариб бўладиган касалликка киради. Лекин ушбу касалликдан ўлим кўрсаткичи бутун дунёда ўлим даражаларига келганда 6-ўринни эгаллайди ва оғир кечиши мумкин. Бу пневмониянинг асосий сабаблари вирус ва бактериялар бўлиши мумкин.
Ўткир респиратор вирусли касаллик (ЎРВК) юқумли касалликларнинг ичида биринчи ўринни эгаллайди. Ўн йил олдин грипп ва ЎРВК билан касалланган беморларнинг сони 500 миллионни ташкил қилган ва 3-5 миллион одамда бу касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатларига ҳам олиб келган. Бу рақамлар муаммо билан таниш бўлмаган инсонларни ҳозиргача қизиқтирмаган. Лекин бугунги пандемия даврида инсонлар ваҳимага тушиб, исботланмаган ахборотларга ишонадиган бўлиб қолди.
Айтмоқчиманки, бутун дунёда тиббий статистика қоидасига кўра, коронавирус-пневмония ўлим ҳолатига олиб келди деганда, унинг тагида исботланган лаборатор тасдиқ бўлиши керак.
Коронавирус-пневмония фонида агар беморда бир ва ундан кўп жиддий сурункали касалликлар мавжуд бўлса, бу пневмониянинг енгил кечадиган турларида ҳам жиддий хасталиклар кечишини кучайтириши мумкин. Бу ҳолатда бемор коронавирус-пневмониядан ўлимга учради дегани нотўғри бўлади. Шу пайтнинг ўзида мисол беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллигининг оғир кечиши бўлса, у ЎРВКсиз ҳам ўпка артериясига тромб тиқилиб қолишидан ўлимга учраши мумкин. Бу ҳолатда коронавирус инфекцияси ёндош касаллиги бўлиб қолади, лекин ўлимга олиб келган сабаб тромбоэмболия ҳисобланади.
Шунга ўхшаш ҳолатлар баҳоланиб, тиббий статистик маълумотлар келиб чиқади.
– Фикрингизча, коронавирус пандемияси қиш ойларида кечганида, яъни ҳозир қиш фасли бўлганида, вазият қандай бўларди?
– АҚШнинг Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва соғлиқни сақлаш бўйича глобал шерикларнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳар йили мавсумий грипп ва нафас йўллари касалликларидан 650 минг одам вафот этади.
Мавсумий грипп – одамдан одамга ўтувчи, бутун дунё бўйлаб юрадиган ўткир вирусли инфекция. Кўп инсонлар тиббий ёрдамсиз бу касалликдан тўлиқ соғайиб кетади. Доимо ўткир респиратор касалликлар бронхит ва пневмонияларни чақириб, баъзи ҳолатларда ўлимга ҳам олиб келади.
Қиш мавсумида ўткир респиратор касалликлар фонида коронавирус инфекциясининг қўшилиши касалланиш даражасини албатта оширади. Лекин бизда бугун даволаш мезонлари ишлаб чиқилган ва ишончимиз комил бўлиши керакки, бизнинг фуқароларимиз вирусга қарши берилган тавсияларга амал қилади.
– Соғлиқни сақлаш тизими катта юклама билан ишлаяпти. Пандемия даврида фан докторлари, профессорлар, умуман етакчи шифокорлар иш тартибида қандай ўзгаришлар бор?
– Пандемия вақтида тиббиёт институтлари ва фаолият кўрсатадиган профессор-ўқитувчилар четда қолгани йўқ. Барча тиббий олийгоҳ олимлари коронавирус инфекцияси тушунчаси, юқиш йўллари, врачларнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиши ва беморларга тезкор сифатли ёрдам бериш бўйича бир нечта ўқув ва методик қўлланмаларни яратиб беришган.
Раҳбарлар томонидан колл-марказлар, телеграм-ботлар, онлайн маслаҳатлар ташкил этилиб, профессор ўқитувчилар жалб қилинган эди. Олимлар томонидан врачлар учун яна бир нечта клиник конференция ва вебинарлар ўтказилди.
Барча профессорлар томонидан сарфланган куч Ўзбекистонда COVID-19'ни эрта аниқлаш, самарали даволаш, врачлар учун керакли маълумотларни етказиш муаммоларига йўналтирилган. Бугунги кунда кўп кафедра мудирлари, профессор, доцент, ассистентлар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар даволанаётган шифохоналарида ишлаб келмоқда.
– Касалликка қарши курашиш бўйича юқори курс талабаларини жалб қилиш масаласида нима дея оласиз? Бу қўшимча куч бўлиш билан бирга, уларга амалиёт вазифасини ҳам ўтарди.
– Юқори курс талабаларини жалб қилиш масаласи апрель ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ректоратлар томонидан кўриб чиқилди. Шунда давлат имтиҳонларини онлайн тарзда ўтказиб, барча битирувчиларни амалиёт ишига жалб қилиш режаси тузилди. Ҳозир бизнинг битирувчиларимиз мураккаб вазиятларда ўз фаолиятини олиб бормоқда ва ёрдам беришмокда. Уларнинг кўплари қийин диагностик ҳолатларда, устозлар маслаҳатини сўраб, ўз фикрини билдириб ишлаб келмоқда.
– Коронавирус инфекциясига қарши кураш жараёни бошқа касалликлар билан шуғулланиш, даволашларга салбий таъсир ўтказмаяптими?
– Албатта, ҳар куни учрайдиган ўткир ва сурункали касалликларнинг авжланиш ҳолатлари ўз-ўзидан йўқолмаган. Бизнинг кўплаб беморларимиз режали ва тезкор тиббий ёрдамга муҳтож. Лекин коронавирус инфекцияси кенг тарқалгани учун стабил ҳолатдаги беморларимизга уйдан чиқмаслик ва врач томондан тавсия этилган дориларни доимий қабул килишни тавсия қиламиз.
Беморларга зарур бўлган тезкор ҳолатларда сифатли тиббий ёрдам берилмоқда. Унинг учун махсус клиникалар ажратилган ва коронавирус-пневмониянинг ўрта оғир ва оғир ҳолатлари билан параллел равишда даво чоралари кўрсатилмоқда.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:38 / 03.12.2023
Хоразмда 20 ёшли талаба пневмониядан вафот этди
18:55 / 27.11.2023
Хитойда болалар пневмонияси билан боғлиқ вазият оғир эмас – ЖССТ
18:31 / 23.11.2023
Тошкентда ЎРВИ тарқалиши кучайди. Вазир масъулларга шошилинч топшириқлар берди
10:06 / 16.02.2023