АҚШдаги ўзбекистонлик жарроҳ: «Икки давлат тиббиётини мутлақо таққослаб бўлмайди»
Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш учун, яна кимдир ўз юртида қадр топмаганидан ўксиб, олисга йўл олгани энди ҳеч кимга сир эмас.
Kun.uz хориждаги ўзбекистонлик шифокорлар билан туркум суҳбатларини давом эттиради. Бу сафарги суҳбатдошимиз – АҚШнинг Нью-Йорк штатида яшаётган жарроҳ Лазиз Мардонов. Унга ҳам анъанавий саволлар билан мурожаат қилдик.
– Ассалому алайкум. Суҳбатимизни сизни таништиришдан бошласак.
– Ассалому алайкум, Ўзбекистон! Камина Лазиз Мардонов, 43 ёшдаман. Самарқанд давлат тиббиёт институтини 2002 йилда тугатганман. Жарроҳман. Ўзбекистонда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик марказида ишлаганман.
АҚШга илк бор 2015 йилда қисқа муддатли дастур бўйича келгандим. Оилам ҳам ўзим билан бирга эди ва уларга бу давлат жуда ёқиб қолди, мактаблардаги таълим кўпроқ манзур бўлди. Оила аъзоларимни қолдириб, 3 ойдан сўнг Ўзбекистонга қайтдим. Оиламдан узоқда бўлиш анча оғир бўлганди ўша пайт.
2018 йилга қадар иккита давлатда ишладим, маълум муддат АҚШда, маълум муддат Ўзбекистонда. 2018 йилда оилам билан тўлиқ АҚШда яшай бошладик. Дастлаб Нью-Йорк шаҳрида яшадим. Айни пайтда Нью-Йорк штатининг Сиракьюс шаҳридаман.
– Ўзбекистонда ҳам малакали мутахассислардан бири бўлгансиз. Ҳатто жигар кўчириб ўтказиш бўйича дастлабки операция жарроҳлари сафида ҳам бор эдингиз. Нега хорижга йўл олдингиз?
– Ўзбекистон ватанимиз, барибир қайтадиган жойимиз, албатта. Лекин ҳозирча тиббиётимиз тизими ривожланган давлатлардан сезиларли даражада ортда қолади.
Чиндан ҳам пойтахтдаги етакчи клиникада ишлардим, ўзимга яраша обрўйим бор эди. Аммо ўзим янада ўсишни, энг замонавий тизимларда ишлашни, янгиликларни хоҳлардим. АҚШда эса сир эмаски, буларнинг ҳаммаси бор. Қолаверса, оиламнинг келажагини ўйладим, фарзандларим дунёнинг энг етакчи университетларида ўқишини истагандим.
Америкага қадар ҳам дунёнинг кўп давлатларида малака оширгандим. Россиялик ҳамкасбларимиз билан бирга 2018 йилда Ўзбекистонда илк бор жигар транплантациясини ўтказганимиз ҳам бор гап. Бу жуда катта операция ҳисобланади – ўртача 16-17 соат давом этди.
Шундан кейин ҳам адашмасам яна 2-3 та операция ўтказилди. Аммо биз бу билан чекланиб қолмаслигимиз керак эди. Яъни Ўзбекистонда неча киши бундай операцияга муҳтож, мана катта масала. Бу тизимли ёндошувни талаб қилади. Менинг ҳисобимча, йилига камида 250-300та шундай операцияларни амалга оширишимиз керак Ўзбекистонда. Бу илм-фаннинг олдинга силжишига ҳам туртки бўлади.
Аммо АҚШга келганим билан бирданига шифокор бўлиб ишлаб кета олмадим. Сабаби, сиз дунёнинг қаерида ўқиганингиз ва ишлаганингиздан қатъи назар, АҚШда уч босқичли жуда мураккаб имтиҳондан ўта олсангизгина ишлашингиз мумкин.
Майли, у имтиҳонни бир-икки йил ичида топшириш мумкиндир, аммо бу билан тугамайди. Кейинги босқич бошланади, унда ўзимизнинг магистратурага ўхшаш жараённи ўташ лозим. Бунинг учун масалан терапевтлар ўртача уч йилгача, хирурглар тўрт-беш, нейрохирурглар етти йилгача ўқийдилар.
Мен дуч келган муаммо анча жиддий эди. Сабаби, юқоридаги ўқишларга қабул қилишда ёшга қаралади ва 35 ёшгача имконият берилади. Мен келганимда эса 40 ёшни қоралаб қолгандим, яъни кечиккандим.
Кўпчилик танишларим мана шу жараёнда вақт йўқотиб, бошқа соҳаларга ўтиб кетишга мажбур бўлишди. Мен ҳам шифокор бўлиб ишлашим учун вақт ва меҳнат талаб қилинарди. Вақтни йўқотмаслигим керак эди ва қуйироқ поғонадан бошлашга қарор қилдим.
Имтиҳонлардан ўтиб, биз кўпроқ «медбрат» деб атайдиганга ўхшаш позицияда (Registered Professional Nurse, BSN – Bachelor Science of Nursing) иш бошладим. Аммо мақсадим бу эмасди албатта, босқичма-босқич юқорилаб бориш режасида эдим. Ҳозир Nurse Practitioner позициясига ишлаяпман, бу ҳам шифокор, оддий шифохоналардан тортиб етакчи клиникаларгача ишлайверади. Кўпроқ умумий амалиёт врачи ёки оилавий врач тушунчасига тўғри келади, кичик офислар очиши, беморларни қабул қилиши ва даволаш ишларини олиб бориши мумкин.
Бу тоифа шифокорлар давлат бюджетини иқтисод қилишга ҳам ёрдам беради ва улар жуда кўпчилик.
– Жуда узоқдасиз, шароитлар қанақа, у ерларда сиздан ташқари ҳам ўзбекистонликлар борми?
– Албатта, ўзбекистонликлар дунёнинг ҳамма бурчакларида бор. Ҳатто бирга ўқиган дўстларимиз ҳам кўпчилик бу ерда. Олдин Нью-Йоркда яшаганман, ҳаммага маълумки, у ерда жуда катта ўзбек диаспораси бор. Олдин келган ўзбекистонликлар кўпроқ бу ерда қисқа муддат ичида кўпроқ пул ишлаб қайтиш ва ўзимизда барча шароитни қилиб олишни ўйлашарди. Ҳозирги пайтда кузатишларимга кўра ҳаммаси ўзгаряпти ва кўпчилик пулини жўнатмай, шу ерда илдиз отишга ҳаракат қиляпти. Фарзандлари таълимига сарфлашяпти, йирик компаниялар очишяпти, бизнес қилишяпти. Хуллас, юртдошларимиз оддий ишчи сифатида қолмай, юқорироқ поғоналарга чиқа бошлашяпти.
Айни пайтда оилам билан Сиракьюс шаҳрида яшаяпмиз. Бу Нью-Йоркдан 400 км узоқликда, Канадага яқин жойда. Табиати жуда гўзал, тоғлар, кўллар кўп. Умуман, бу ерда табиатга муносабат жуда бошқача. Ниҳоятда асраб авайлашадики, бу энди алоҳида бир катта мавзу.
Бу шаҳарга кўчишимга сабаб қизим Сиракьюс университетига тиббиёт йўналиши бўйича ҳужжат топширди ва жуда катта танловдан ўтиб, қабул қилинди. Бир йиллик тўлови ўртача 55-65 минг доллар экан. Бу мен учун катта пул. Аммо бу маблағнинг 54 мингини, яъни деярли ҳаммасини давлат алоҳида грант асосида тўлаб берди.
Демоқчиманки, тўлов миқдоридан қўрқиш керак эмас, талабанинг ўқиш кўрсаткичларига кўра ҳатто 90-95 фоизигача университетнинг ўзи, давлат турли грантлар орқали пул тўлаб беради. Бу яхши билим олиш учун катта стимул борлигини англатади. Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ.
Мана шу имкониятлар ҳақида талабалик вақтимда билганимда, биринчи курсданоқ тил ўрганишга алоҳида эътибор берган бўлардим.
– Ишингиз ҳақида, Ўзбекистон ва АҚШ тиббиётининг тафовутлари, ўхшаш жиҳатлар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ўзим Сиракьюсдаги бир клиникада ишлаяпман. Тўрт қаватда турли бўлимлар, ҳар бирида ўртача 40, умумий 160 нафар беморни кузатиб туриш менинг вазифам. Яъни ҳар бир бўлимнинг ўз «медбрат»лари бор, мен эса уларнинг устидан назоратчиман. Бирор зарурат бўлса, маслаҳат бераман.
Бу икки давлат тиббиёт тизимини солиштириш жуда қийин. Ҳар иккиси бир-биридан кескин фарқ қилади. Ҳатто умуман ўхшаш жиҳатлари йўқ, десам ҳам балки хато қилмасман. Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими кўп жиҳатдан собиқ иттифоқ моделини сақлаб қолган.
АҚШда давлат инсон ресурсига ниҳоятда катта эътибор беради ва энг катта бойлик ҳисоблайди. Қандайдир табиий бойликлар ёки баландпарвоз гаплар эмас, айнан инсон капитали биринчи ўринда. Ҳар қандай соҳада биринчиликка ҳаракат қилинади.
Тиббиётда жуда катта марказлар ишлайди, ҳар қандай янгиликка жиддий эътибор қаратилади, тадқиқотларда ўзига хос соғлом рақобат руҳи бор. Коррупция минимум, мен бирор марта дуч келмадим. Ходимларнинг маоши нормал ҳаёти учун бемалол етади.
Тизим шу қадар йўлга қўйилганки, уни бирорта одам ўзгартириб юбора олмайди, яъни қайсидир вазир алмашиши, бош врачнинг янги бўлиши амалда ҳеч нарсага таъсир қилмайди.
Ҳаммасининг асосида таълим тизими ётади, болаларга мактабдан интилиш ўргатилади. Яна бир жиҳати, дунёнинг энг яхши билимдонларини ўзларига жалб қилишади, «олтинбош»ларни ўзига тўплайди. Ҳар бир мутахассис ишига, ижодий ёндошувига алоҳида эътибор берилади.
Масалан, ишлаётган жойимда телемедицина шу қадар ривожланганки, мен бирор бемор бўйича аниқ фикрга кела олмасам, дарҳол етакчи шифокорни интернет орқали жалб қиламан ва камера орқали беморни кўрсатиб, ҳатто юракларини эшиттириб, УЗИ хулосаларини унинг мониторида акс эттириб, керакли тавсияларни оламан.
Албатта, мақтайвериш мумкин, қисқаси солиштиришнинг иложи йўқ. АҚШдаги ЯИМ, унинг неча фоизи тиббиётга сарфланиши ўрганилса, ҳаммаси тушунарли бўлади.
– Кўпчиликни қизиқтирувчи савол – қанча маош оласиз?
– Албатта, ҳамюртларим учун бу сир эмас. Аммо бу ерда шундай қоида борки, кимнингдир маоши сўралмайди, айтиш ҳам одат тусига кирмаган.
Келинг, умумий тизимдаги маошлар ҳақида айтиб бераман. Менинг позициямдагиларнинг маоши соатига ўртача 40 доллардан бошланади. Янги иш бошлаганлар одатда мана шунчадан оладилар. Икки-уч йилда бу маош ошиб бораверади, 65-70 долларгача етиши мумкин. Бир ҳафтада ўртача 40 соат ишланади. Лекин бундан ортиқ ишланадиган бўлса, тўлов ҳажми ошади.
Қисқаси, «медбрат»ларнинг йиллик даромади 80-85 минг доллар атрофида, яъни ҳафтасига 40 соат, 5 кун 8 соатдан ёки 3 кун 13-14 соат ишланганида. Кўпроқ ишласа, табиийки кўпроқ олади.
Мен режалаштираётган кейинги босқич – Nurse Practitioner позициясидаги йиллик маош (ҳафтасига 40 соат ишланганида) 120-130 минг доллардан бошланади. Қўшимча ишласа, даромади ошаверади.
Энди бевосита шифокорларнинг маоши 220-250 минг атрофида. Албатта, қайси шифохонада ишлашига қараб, бу ҳам ўзгаради, яъни кўпроқ бўлиши мумкин. Кардиохирург, нейрохирурглар орасида йилига 1 млн доллар оладиганлар ҳам кўпчилик.
– Сиз яшаб турган ҳудудда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай? Бу касалликка қарши курашга шахсан ўзингиз жалб қилиндингизми?
– Март ойида Нью-Йоркда коронавирус жуда тез тарқалди ва бутун давлат бўйича шифокорлар чорланди. Ўша пайтда «медбрат»ларнинг маоши соатига 200-250 долларгача кўтарилиб кетди. Бошқа штатларда вазият тинч эди. Кейинчалик касаллик бутун давлатга тарқалди.
COVID-19 дастлаб тарқала бошланганда бир муддат паришонлик сезилди. Айни пайтда вазият барқарорлашди. Бу орада АҚШ давлати аҳолини қандай таъминлаб турганини кўпчилик билади, бунга тўхталиб ўтишим шарт эмас.
Шахсан ўзим эпидемия ҳудудига ёки махсус шифохоналарга бориб ишламаган бўлсам-да, клиникамизга бу касалликка чалинган кўплаб беморлар олиб келинди ва улар маълум вақт шу ерда даволаниб, кейин махсус шифохоналарга жўнатилди.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024