Жаҳон | 23:13 / 09.08.2020
10863
2 дақиқада ўқилади

Беларусь: Расмий экзит-поллар Лукашенко 80 фоизга яқин овоз тўплаганини кўрсатмоқда

Беларусда президентлик сайловларида овоз бериш расман якунланди, аммо Минскдаги айрим участкаларга сайловчилар жуда кўпчилик бўлиб ташриф буюргани туфайли овоз бюллетенларини қабул қилиш давом этмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

Беларуснинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенко расмий экзит-полларнинг кўрсатишича сайловда 79,7 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Светлана Тихановская 6,8 фоиз овоз олган, Анна Канопацкая - 2,3 фоиз, Андрей Дмитриев - 1,1 фоиз, Сергей Черечень - 0,9 фоиз сайловчилар томонидан қўлланган. Экзит-полларга кўра, барча номзодларга қарши сайловчилар 9,2 фоизни ташкил этган.

«Радио Свобода» хабарига кўра, хориждаги 18та участкадаги натижаларга кўра, Лукашенко 10 фоиз атрофида, Тихановская эса 71 фоиз овоз олган. Бу экзит-полларни ким ўтказгани ва гап қайси мамлакатдаги сайлов участкалари ҳақида кетаётгани аниқ эмас.

Ўз навбатида Беларусь МСК раиси Лидия Ермошева Лукашенко мамлакатнинг беш ҳудудидаги сайлов участкаларида 82 фоизлик натижа кўрсатгани, армиядагиларнинг эса 93,7 фоизи унга овоз берганини маълум қилган.

Сайлов участкаларида овоз бериш якунланмагани бўйича вазиятга изоҳ бериб, МСК раиси бундай ҳолат илк бор кузатилаётганини, лекин барча сайловчилар овоз бериб бўлмагунча участкалар ёпилмаслигини маълум қилган. Бунгача бир неча соат олдин у сайлов участкаларининг ишлаш муддати узайтирилмаслигини билдирганди.

Сайловда давомат 80 фоиздан ошиқни ташкил этди - бу натижа асосан муддатидан олдин овоз бериш эвазига қайд этилган. МСК ахбороти бўйича Беларусда муддатидан аввал овоз беришнинг беш кунлигида (4—8 август) сайловларда сайловчиларнинг 41,7 фоиз қисми иштирок этган.

Мухолифатчилар тарафдорлари сайловдан кейин норозилик намойишлари ўтказишни режалаштирган, бу вақтда Минск кўчаларига ҳарбий техникалар жойлаштирилган.
 

Мавзуга оид