Ўзбекистон | 09:01 / 10.08.2020
37644
10 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ССБ бошлиғи: Чирчиқдаги шифохона COVID-19'ни даволашга ихтисослашмаган

Kun.uz сайтида «Бизга ускуналар ажратишмаяпти, ваъда қилинган мукофот пулларидан дарак йўқ» — Тошкент вилоятининг бош инфекционисти мурожаати» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят юқумли касалликлар шифохонаси раҳбари Гулжаҳон Юлдашева таъминот, шароит ва тўловлар бўйича ўз норозилигини билдирган.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Тўрақул Арзиқулов билан суҳбатлашдик.

– Тўрақул Содиқович, эълон қилинган мақолада Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси раҳбари ўз ходимлари номидан қатор эътирозлар билдирган. Бу ҳақда нима дея оласиз?

 – Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги реестрига асосан карантин объекти, яъни коронавирус тасдиқланган беморлар учун эмас, бирламчи улар билан мулоқотда бўлган гумондор фуқароларни сақлаб туриш объекти этиб белгиланган. Агар бу ерда бирор фуқарода COVID-19 аниқланса, бемор зудлик билан COVID-19'га чалинган беморлар даволанувчи махсус шифохонасига етказилади. Бу маскан мутлақо коронавирусни даволаш учун мўлжалланган шифохона эмас.

Тўғри, пандемия пик даврига чиққанда жуда кўп шифохоналарга коронавирусга шубҳа қилинган, аммо касаллик расман тасдиқланмаган беморлар ётқизилди. Ҳатто ўша шифохоналарда касаллик тасдиқланган беморлар ҳам маълум муддат қолиб кетишди. Аммо қисқа муддатда бу муаммолар бартараф қилинди, гумондагилар алоҳида, касаллик тасдиқланганлар алоҳида қилиб ажратиб олинди.

– Шифохона раҳбари мурожаатида мукофот пуллари (шифокорларга 25 млн, ҳамшираларга 15 млн сўмлик ва ҳ.к) рағбатлантириш маблағлари тўлаб берилмаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтган. Бунга қандай изоҳ берасиз.

– Бу шифохона ходимларининг президент қарори билан белгиланган коронавирусга қарши курашда фаол қатнашаётган шифокорларни қўшимча рағбатлантириш маблағлари тўланмаётгани ҳақидаги норозилиги асоссиз. Чунки бундай тўловлар билан COVID-19 билан касалланган беморларни даволайдиган, ССВнинг коронавирусни даволашга мўлжалланган шифохоналар рўйхатида бўлган шифохоналар ходимлари рағбатлантирилади. Юқорида айтганимдек, Чирчиқдаги юқумли касалликлар шифохонаси бирламчи мулоқотда бўлган фуқаролар учун ҳозирланган карантин объекти ҳисобланади.

Барчага маълумки, шифокорлар учун 25 млн сўмлик тўловлар айнан шу касаллик тасдиқланган беморлар йиғилган махсус шифохоналарда ишлаганларга берилади.

Бундай шифокорлар рўйхати ҳар бир ҳудудда шакллантирилган, улар 14 кун давомида узлуксиз ишлайдилар ва фақат айнан COVID-19 касаллигига қарши курашадилар.

Бу шифохонада COVID-19 билан касалланган беморлар бўлса, улар зудлик билан мазкур касаллик билан шуғулланадиган касалхонага ўказилиши зарур. Вазирлик буйруғида бу аниқ кўрсатилган.

Чирчиқ шаҳрида коронавирус билан касалланган беморларни ташиш учун мўлжалланган 2та махсус машинамиз бор. COVID-19 тасдиқлангани ҳақидаги ҳужжати тақдим этилганда беморни шу заҳоти бошқармага ёки тегишли бўлимларга хабар қилган ҳолда бу беморлар зудлик билан касалхонага ўтказилиши керак. Айтишим керакки, махсус шифохоналаримизда барча шарт-шароитлар муҳайё. Карантин объекти бўлгани учун Чирчиқдаги шифохонада бу нарса кўзда тутилмаган.

[Савол Тошкент вилояти Молия бошқармаси раҳбари Зоҳидхўжа Турсуновга]: – Зоҳидхўжа ака, тўловлар асосан сизларга боғлиқ. Айнан мана шу клиника ва тиббиёт ходимлари учун тўловлар бўйича умумий ҳолат бўйича маълумот берсангиз.

– Вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг расмий статуси ҳақида кўп марта таъкидлаб айтилди. Яъни биз хоҳласак ҳам улар сўраётган 25, 15 млн сўмлик пулларни тўлай олмаймиз. Бу тўловлар бошқа тоифа шифокорлар учун мўлжаллангани расман эълон қилинган ва бу шифохона ходимларига ҳам ёзма равишда билдирилган.

Аммо норозилик билдирган вилоят юқумли шифохонаси ходимлари белгиланган кунлик 6 фоизли устамаларни тўлиқ олганлар. Бу борада бирорта эътироз бўлиши мумкин эмас.

Умуман, рағбатлантирувчи маблағларга келсак, ҳозир бу жараён шу даражада йўлга қўйилдики, 14 кунлик ишга кирувчиларга биз олдиндан 40 фоизли аванс тўлаб қўйяпмиз ва муддати якунланиши билан пулларини тўлиқ олишади.

– Тўрақул Содиқович, мурожаатда шифохонада реанимация бўлими фаолияти йўлга қўйилиб берилмагани ҳам тилга олинган. Тиббиёт бошқармасига қилинган мурожаат ҳам жавобсиз қолгани, шифохона керакли ускуналар билан таъминланмагани айтилади.

– Шу йилнинг март-апрель ойиларида Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси саъй-ҳаракатлари билан 9 ўринли реанимация бўлими ташкил этилди. Табиийки, бўлимни ташкиллаштириш, керакли меъёрий ҳужжатларни тақдим этиш, қолаверса кадрларни тайёрлаш ва ишга олиш мажбурияти бош шифокорга юкланган. Лекин афсус, пандемия шароитида бу вазифаларни бошқарманинг ўзи бажарди. Малакали тиббиёт ходимларини йиғиб, ўзимиз 9 ўринли реанимация бўлими ташкиллаштириб бердик. 2та сунъий нафас олиш аппарати, кардиогроф, 6та кислород баллони, 3 дона оксигенатор берганмиз ўша пайтда. Чунки баъзи оғир аҳволдаги беморлар келиши мумкинлиги ҳисобга олинган.

Албатта, реанимация бўлими ташкил этилганидан кейин, наркотик ва психотроп дорилар ишлатилади. Минг афсуски, Гулжаҳон Тойировна раҳбарлик қилаётган ушбу шифохона ҳалигача лицензия олмаган. Талаб даражасидаги хоналар қилинмаган.

Биз бу масалада Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Гарчи лицензия бўлмаса-да, бирлашма беморларнинг ҳаётини ўйлаб наркотик-психотроп моддаларни бериб турибди. Ваҳоланки, юқумли касалликлар шифохонаси юридик жиҳатдан тўлақонли муассаса ҳисобланади. Улар 3 йил аввал бу нарсани тўлиқ шакллантириб, ўзлари ҳужжатларни тақдим қилиши зарур эди. Афсуски, бу иш ҳамон бажарилмаган.

Қизиғи, айнан шу шифохонанинг қатор ходимлари таъминот бўйича саволлар туғилаверганидан сўнг жамоавий тарзда алоҳида видеомурожаат йўллашган ва ҳеч қандай камчилик йўқлигини билдиришган. Келиб чиқадики, шифохона ходимлари ўртасида ҳам гуруҳларга бўлиниш юзага келиб қолган.

– Умуман, шифохонанинг келгуси тақдири нима бўлади? У ёпилиб кетиши бўйича ҳам хабарлар чиққан.

– 80 ўринли Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси жойлашган ҳудудда вилоят ҳокими ташаббуси билан 320 ўринли COVID-19 билан шуғулланадиган янги шифохона ташкил этилди. Бу ерда барча керакли шарт-шароитлар яратилган. Энди ўйлаб кўрайлик, барча қулайликларга эга, наркотик-психотроп препаратлар сақланадиган реанимация бўлимига эга, малакали шифокорлар хизмат қилаётган шифохона бўла туриб, 80 ўринли жойни COVID-19 даволанувчи шифохона қилиб берсак, бу мантиққа тўғри келмайди-ку.

Шунинг учун бошқармамизнинг буйруғига асосан, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги ҳозирги беморларни тўлақонли ўша янги шифохонага ўтказиш ҳақида кўрсатма берилди. Минг афсуски, Гулжаҳон Юлдошева бунга тўсқинлик қиляпти. 10 кундан ошмаслиги керак бўлган ўринларда, беморларни 15 кунгача ушлаб турган ҳолатлари кузатилмоқда. Бу борада ҳатто алоҳида буйруқ чиқаришга мажбур бўлдик. Раҳбариятни буйруғини бажармаслик нотўғри, деб ўйлайман.

Бу шифохона COVID-19'дан бошқа юқумли касалликлар бўйича ўз фаолиятини давом эттиради. Чунки бундай касалликларнинг тури кўп. Коронавирус пандемияси деб, у касалликлар кутиб турмайди. Айниқса, ҳозирда мавсумий юқумли касалликлар кириб келяпти. Гепатит, грипп, диарея каби касалликлар доим бўлган. Биз албатта, бу тиббиёт масканини тўлқонли дезинфекция қилиб, таъмирлаш ишларини олиб борамиз. Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Унинг фаолияти, барча зарур бўлган шароитлар яратиб берилади.

– Сиз ва Гулжаҳон Юлдашева ўртангиздаги биринчи ҳолат эмас бу. Умуман, ўзингиз вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги муҳитни қандай баҳолайсиз? Бошқа шифохоналар билан ҳам шу каби зиддиятлар борми?

– Гулжаҳон Тойировна ўша интервьюсида «Мен президент қарорига кўра бу ерга ишга келганман» дебди. Аслида давлат раҳбарининг бундай қарори йўқ, у ҳам, мен ҳам раҳбар кадрларни шакллантириш бўйича 2017 йил 8 августдаги Вазирлар Маҳкамаси йиғилиш баённомасига кўра ҳудудларга жўнатилганмиз.

Ҳозир вилоятда 28та даволаш-профилактика муассасалари бўлса, шу пайтга қадар бирортасида бу каби тушунмовчилик бўлмаган. Фақатгина шу юқумли касалликлар шифохонасида келишмовчилик келиб чиқмоқда. Агар унинг фаолиятига назар солсак, бир неча камчиликлар кўзга ташланади. Қўлимда Чирчиқ шаҳар прокуратурасининг тақдимномаси бор. Унга асосан бюджет маблағлари ноқонуний сарфланиши, сметалар харажатларида катта молиявий ҳисобда хатоликлар бўлгани кўрсатилган. Тергов бошқармасининг тақдимномасида эса, ишга олишдаги, таътил пулларини тўлаб берилмагани келтирилган. Боз устига, ички аудит назорат бўлимини тақдимномалари ҳам бор.

Охирги икки-икки ярим йил ичида айнан шу шифохонада молиявий ва бошқа жиҳатлардан кўплаб камчиликлар, ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани маълум бўлди. Шундай ҳолатда раҳбар баҳо беради-да. Албатта, ўргатишга, ўзгартиришга ҳаракат қиламиз, керак бўлса танбеҳ берамиз. Чунки давлатнинг ҳар бир сўм пули ўзидан ўзи келмайди. Бу – халқнинг пули. Бошқа бирор бир ташкилотимизда бирор бир эътироз йўқ. Биз худди бир оиладекмиз, жуда иноқмиз.

Бугунги синовли пайтда ҳар бир инсон ўз ўрнини билган ҳолда, қўшимча масъулият билан, фидойилик билан ҳаёт кечириши керак. Бунақанги офатлар фақат ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтилади. Бу ҳолат бир тизимнинг раҳбари сифатида менга жуда ноқулай. Бу ерда ҳаммамизда айб бор, деб ўйлайман. Биз тўғри хулоса қиламиз. Гулжаҳон Тойировна ва ташкилоти билан яна қўшимча ишлаймиз. Ўйлайманки, бу келишмовчилик вақтинчалик. Ҳаммаси ўтиб кетади.

Муаллифдан: Гулжаҳон Юлдашевани ҳам яхши ташкилотчи, қобилиятли шифокор дейишади. 30 йиллик тажрибага эга, кардиохиргургия соҳасида фан доктори даражасини олган Тўрақул Арзиқулов эса самимий, ҳар қандай суҳбат учун очиқ, муросали инсон сифатида таассурот қолдирди.

Ҳар иккиси беморлар учун жон куйдираётганига ишонган ҳолда, бу тушунмовчиликлар бартараф этилишига умид қилиб қоламиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид