Жаҳон | 17:46 / 13.08.2020
10069
2 дақиқада ўқилади

Беларусь корхоналарида оммавий митинглар ўтказилмоқда

Беларусь корхоналарида мамлакатдаги сўнгги воқеалар ортидан митинглар тўлқини кўтарилди.

Фото: AFP

Одамлар намойишчиларга қарши куч ишлатилиши, ноқонуний ҳибслар ва сайлов натижаларининг қалбакилаштирилишига норозилик билдиришмоқда.

Турли ОАВ хабарига кўра, Минскда «Белмедпрепарат», «Керамин» ва турли қурилиш компаниялари ходимлари йиғилиш ўтказишмоқда.

«Керамин»да 400га яқин ходим, жумладан цех бошлиқлари ва маркетинг бўлими раҳбарияти норозилик намойишини ўтказишган.

Телеграм-каналлар «МАЗ» заводидаги митинг видеоларини тарқатишмоқда.

Шаҳарнинг 2та шифохонаси тиббиёт ходимлари, стоматология поликлиникаси шифокорлари зўравонликка қарши митинг ўтказишган. Тез ёрдам ходимлари ҳам намойишга чиқмоқчи бўлиб туришибди.

Мамлакатнинг йирик қурилиш компанияларидан бири МАПИД ишчилари ҳам завод олдида йиғилиш ўтказишган. 

Эрталаб соат 11да «Белтелерадиокомпания» биноси олдида оқ либос кийган аёллар гуллар ва плакатлар билан тўпланишган. Шу атрофга яқин жойда ишлаётган қурувчилар ҳам уларнинг акциясига қўшилишган.

Беларусь давлат филармонияси ходимлари ҳам норозилик намойишига чиқиб, мамлакатнинг норасмий мадҳияси ҳисобланадиган «Магутни Божа» қўшиғини куйлашган. Миллий санъат музейи олдида ҳам одамлар тўпланиб, митинг ўтказишмоқда. ОНТ давлат телеканали олдида ҳам намойишчилар тўпланишган.

Аввалроқ «БелАЗ», «Минскпромстрой» ва «Гродножилстрой» корхоналарида ҳам митинглар ўтказилган эди. «БелАЗ» раҳбарияти коллектив билан мамлакатдаги воқеаларни муҳокама қилгани, бу норозилик намойиши эмаслиги ҳақида баёнот берган эди.

Беларусь мухолифати ҳам оммавий иш ташлашга чақирмоқда. 

9 август куни ўтказилган президент сайловининг расмий натижалари эълон қилингач, мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида норозилик акциялари бошланиб кетди. Намойишчилар милиция билан тўқнашмоқда, иштирокчилар ҳибсга олиняпти. Кундуз куни эса беларусликлар гуллар билан тинч акция ўтказиб, «бирдамлик занжири»ни ҳосил қилишмоқда.

Мавзуга оид