Масофавий таълим сифати юзасидан 32та ОТМга қатъий огоҳлантириш юборилган – Таълим инспекцияси
Бугун, 14 август куни АОКАда ўтказилган брифингда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов томонидан ОТМларда ташкил этилган масофавий таълим шакли юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари ҳақида маълумот берилди.
Шавкат Хўжақуловнинг айтишича, масофавий таълимдаги мавжуд камчиликларни аниқлаш мақсадида аноним шаклда ўтказилган онлайн сўровномаларда 77 минг 513 нафар талаба қатнашган.
Сўровнома натижаларига кўра, 30 фоиз талаба масофавий ўқитишдан қониққан бўлса, 9 фоизи ўқитиш сифатининг пастлиги, 33 фоизи мулоқот етарли эмаслиги, 18 фоизи берилаётган маълумотлар фанларни тўлиқ ўзлаштириш учун етарли эмаслиги, 2 фоизи интернетдан фойдаланиш имконияти йўқлигини билдирган.
«Мазкур масала юзасидан 32та олий таълим муассасасига қатъий огоҳлантириш юборилган. Ўрганишлар давомида масофавий таълимни йўлга қўйишда фанлар хусусиятлари етарлича инобатга олинмагани, контент сифатининг пастлиги, оптималлаштирилган дарс жадваллари ишлаб чиқилмагани ёки ишлаб чиқилган бўлса ҳам, платформага жойлаштирилмагани, тизимда ўқитишни амалга ошириш бўйича йўриқномалар мавжуд эмаслиги каби ҳолатлар кузатилган.
Шунингдек, айрим ҳудудларда интернет тезлиги пастлиги ва электр энергияси таъминотининг тез-тез узилиши, муассасалардаги сервер қуввати пастлиги боис платформаларга юкланган материаллардан самарали фойдаланишда қийинчиликлар юзага келган»,дея маълумот берди инспекция расмийси.
Мавзуга оид
18:39 / 26.07.2023
14 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилади
23:08 / 29.06.2023
Сиртқи таълим масофавий шаклга ўтказилиши мумкин
16:19 / 04.10.2022
Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни жорий этиш тартиби белгиланди
13:44 / 15.07.2022