Жаҳон | 18:06 / 15.08.2020
27925
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко яқинлари Россияга қочиш имкониятини ўрганишган – Bloomberg 

Лукашенко атрофидаги одамлар Беларуснинг амалдаги ҳукумати четлатилган тақдирда, Россияга қочиш имкониятларини Кремль мулозимларидан «қизиқиб кўришган», деб хабар берди Bloomberg. 

Фото: Getty Images

Расмий Москва Лукашенконинг президентликдан кетиш эҳтимоли бор, лекин, намойишларни қаттиққўллик билан бостирилиши унинг ҳокимиятда қолиш муддатини бироз бўлса-да узайтириши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Ҳозирча Александр Лукашенко Беларусни тарк этиш режаси йўқлигини айтяпти, аммо унинг атрофидаги одамлар ҳокимиятдан четлатилган тақдирда, Россияга қочиш имкониятини ўрганишмоқда, деб ёзди Bloomberg Москвадаги 2та манбасига таянган ҳолда. Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Беларусь етакчисининг яқинлари бу масала бўйича Кремлдаги «танишлардан қизиқиб кўришган».

«Ҳеч ким Лукашенконинг келажагига ишонч билан қарамаяпти. У қисқа муддатли истиқболда намойишларни бостириши мумкин, аммо бунда катта муаммо келиб чиқади», — деди Россиянинг ташқи ва мудофаа сиёсати кенгаши раҳбари Фёдор Лукьянов. 

Политтехнолог Глеб Павловский сўзларига кўра, Путин Лукашенкога ҳарбий ёрдам беришни истамаяпти, чунки бу Беларусда аксилроссия кайфиятини зўрайишига олиб келиши мумкин.

«Лукашенко ҳозир Беларусни эмас, фақат хавфсизлик кучларини назорат қилмоқда, аммо улар унга содиқ қоладими? Бу тушунарсиз», — деб таъкидлади у ва «бу воқеалар Путинга бош оғриғи бўлиб турибди», деб қўшимча қилди.

Bloomberg агентлигининг таъкидлашича, аввал Кремль Лукашенконинг президентлик муддати узайишига ишонган эди. Аммо Беларусь тарихидаги энг йирик норозилик намойишларида полициянинг қаттиққўллик билан бостириши вазиятни ўзгартирди.

Мавзуга оид