Фан-техника | 19:58 / 18.08.2020
6265
2 дақиқада ўқилади

Шэньчжэнь шаҳри дунёда биринчи бўлиб 5G тармоғи билан тўлиқ қопланди

Хитойнинг Гуандун провинциясида жойлашган Шэньчжэнь шаҳри 5G тармоғи билан тўлиқ қопланган дунёдаги биринчи шаҳарга айланди. Бугунги кунда шаҳарда 5G тармоғи учун 46,4 мингтадан кўпроқ станция қурилди.

Фото: Iberdrola.com

Бу ҳақда шаҳар маъмурияти раҳбари Чэнь Жугуй тармоқнинг ишга туширилиши маросимида маълум қилди. Таъкидланишича, шаҳарда 46,4 мингтадан кўпроқ станция қурилган, бу эса режалаштирилгандан 1,5 мингта кўпроқ базани ташкил қилган. Шунингдек, шаҳар 5G тармоғи билан қопланганлик зичлиги бўйича Хитойда 1-ўринни эгалламоқда.   

Шаҳарда ташкил этилган 5G тармоқ автоном ишлайди, яъни у 5G’нинг барча имкониятларини қўллаб-қувватлайди ва 4G алоқа стандартларисиз қўлланади. Шэньчжэнь раҳбарияти шаҳарни Хитойда биринчи бўлиб янги тармоқ билан тўлиқ қоплаш вазифасини 2019 йил сентябрида қўйган. 

Айни вақтда бутун Хитой бўйлаб 5G инфратузилмасини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ҳукумат 5G фойдаланувчилари сонини 200 млндан кўпроққа етказиш учун 2020 йил охиригача 800 мингга яқин станция ўрнатишни режалаштирган. Шу мақсадда ҳар ҳафта 10 мингдан кўпроқ станция ўрнатилмоқда. Хитойнинг уяли алоқа операторлари эса яқинда 5G пакетлари учун тарифлар арзонлаштирилганини эълон қилган.  

Мавзуга оид