Жаҳон | 11:09 / 19.08.2020
19848
2 дақиқада ўқилади

ФХХ самолёти Минскка келгани маълум қилинди   

Фото: LiveJournal

Беларусь пойтахти Минскка Россиянинг Федерал хавфсизлик хизмати билан боғланувчи Ту-214ВПУ самолёти келди. FlightRadar сервиси маълумотларига кўра, Москвадан рейс бажарган ва RA-64523 борт рақамига эга самолёт 18 август соат 20:18да Минскка қўнган. Бунга Telеgram’даги Nexta Life канали эътибор қаратган.

“Бизнес Online” нашри маълумотларига кўра, ушбу самолёт давлат шартномасига кўра ФХХнинг махсус вазифаларни бажарувчи авиация отряди учун қурилган. Самолётнинг номланишидаги ВПУ қисқартмаси “высотный пункт управления” – “баландликдаги бошқарув пункти” деган иборани англатиб, таъкидланишича, самолёт ФХХ раҳбарияти парвозлари учун қўлланади.

Бу самолёт охирги ҳафтада Беларусга келган, Россия ҳукуматига тегишли учинчи самолёт ҳисобланади. Парвозлар Беларусда 9 августда президент сайловлари ўтгандан кейин давом этаётган норозилик намойишлари ортида амалга оширилган. Сайловларда амалдаги президент Александр Лукашенко катта фарқ билан ғалаба қозонган. Бироқ беларуслар сайловлар натижаларига ишончсизлик билдиришмоқда. Ғарб ва Европа иттифоқи давлатлари ҳам сайловлар натижаларини тан олмаяпти.

12 августда Беларусга Россия ҳарбий-коинот кучларининг иккита Ту-134АК самолёти келган. Бу самолётлар ҳукумат аъзоларини ташиш учун мўлжалланган. Дастлаб самолётларнинг Беларусга келиши мақсади маълум қилинмаган, аммо 2 кун ўтгач Россияга Беларусда ҳибсга олинган ва у ерда “Вагнер” хуқуқий ҳарбий компанияси жангчилари деб эълон қилинган 32 россиялик қайтарилгани маълум бўлган.

Лукашенконинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин Беларусь учун ташқи таҳдидлар юзага келса, Минскни қўллаб-қувватлашга ваъда берган. Путин 18 августда Беларусдаги вазиятни Германия ва Франция етакчилари Ангела Меркель ва Эмманюэль Макрон билан муҳокама қилган. Россия президенти суҳбат давомида Беларусь ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслигини айтган. 

Мавзуга оид