Навоийдаги 60 квартирали тураржой можароси: аҳоли ҳамон сарсон, муаммога ечим топилмаган
Kun.uz сайтида Навоий шаҳридаги «туя гўштини еган» бу турар жой биноси ҳақида роппа-роса 2 йил олдин ҳам репортаж қилинган эди. Қарангки, ушбу турар жой биносидан 60та хонадон харид қилган аҳоли ўзини қийнаб келаётган муаммодан ҳали ҳам халос бўлмабди.
Икки йил аввалги репортажда аҳолидан пўл тўплаб эвазига турар жой биносини қураётган «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖ (раҳбари — Феруз Тўхтаев) банкдан кредит олгани, эвазига шу турар жой биносининг пойдевор қисмини ҳужжатлаштириб гаровга қўйгани, кредит ўз вақтида сўндирилмагани учун қурилаётган турар жой биноси аукционга чиқариб сотиб юборилгани, уйни аукционда харид қилган янги тадбиркор эса уй учун пул тўлаганларга рад жавобини бергани ҳикоя қилинганди.
Асосан кам таъминланган оилалар томонидан харид қилинган бир ва икки хонали квартиралардан иборат уй икки йил ичида амал-тақал қилиб битказилган. Бироқ ҳамон квартиралар харид қилганларга ҳужжатлаштириб берилмаган. Боз устига, МЧЖнинг қарздорлиги эвазига вақти-вақти билан МИБ одамларни безовта қилиб турибди.
МИБ Навоий вилоят бошқармаси мутасаддилари билан гаплашганимизда, уйни аввалги сафар 830 миллион сўм эвазига аукциондан харид қилган янги тадбиркорнинг арзи асосида янги иш очилгани, шунингдек, «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖнинг солиқ мажбуриятлари бўйича ҳам 2 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги вужудга келгани, бу борада иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори борлигини билдириб ўтишди. Ундириш учун МЧЖнинг балансида мана шу уйдан бўлак ҳеч қандай мулки ёки маблағи йўқ экан.
Ушбу уйга ҳануз рақам берилмаган. Қўл учида қилинган ташқи безак ишлари 1 йилга бормасдан нурай бошлаган. Уй атрофи ободонлаштирилмасдан тупроққа ботиб ётибди. Ҳолбуки, шу атрофида қурилган бошқа турар жой биноларига туташ ҳудудлар аллақачон ободонлаштирилган.
Шу уйга ета олмасдан сиқилиб дунёни тарк этган одамлар ҳам бор экан. Айрим оилалар эса ушбу можаро туфайли пароканда ҳам бўлган.
Уй харид қилганларнинг айримлари эса яшашга бошқа жойи бўлмаганидан чала ярим квартирани бир илож қилиб таъмирлаб, яшаб келишмоқда. Ҳозирда бундай оилалар сони 20дан ортиқ.
Мутасадди ташкилотлар тадбиркорнинг битта мана шу мулкига ёпишиб олишаётгани аҳолида эътирозлар келтириб чиқармоқда. Чунки улар гарчи ҳали эгалик ҳуқуқини қўлга киритмаган бўлса ҳам, уй учун келишув шартномаси имзолаб, банк орқали пул тўлаб келишган. Улар уйни ўзиники деб билишади.
Биз «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖ раҳбари Феруз Тўхтаев билан суҳбатлашганимизда, у солиқ идораси олдидаги жарима ва солиқ мажбуриятларини тўлай олмаслигини айтиб ўтди. «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисида иқтисодий суд қарори ҳам бор экан. Унинг айтишича, сохта банкротлик масаласи Навоий шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилиб, корхона сохта банкрот этилмагани ҳақида хулоса берилган.
Қурувчи турар жой биноси ҳали тўлиқ кадастр қилиниб расмийлаштирилмагани, бинобарин бино ҳозирча ўзига тегишли МЧЖ балансида эмаслиги, давлат идоралари аҳолига уйларни расмийлаштириб беришда ёрдам қўлини чўзиши кераклигини айтиб ўтди. Имконият берилса, ҳали фаолият кўрсатиб, ишлаб, давлат олдидаги қарзларини тўлаб беришга ҳам тайёрлигини билдирди.
Келинг, воқеалар хронологиясини ҳамда муаммолар қандай пайдо бўлганини яна бир бор эсга оламиз.
1. МЧЖ 2016 йили аҳолидан пул йиғиб (эвазига одамлар билан келишув битими тузилади ва нотариус орқали имзоланган кафолат хати берилади), ўша пуллар ва банк кредити ҳисобига бир ва икки хонали квартиралардан иборат турар жой барпо этишга киришади. Турар жой биносининг пойдевор қисми битганда уни гаровга қўйиб, «Халқ банки»дан кредит олади.
2. Кредит ўз вақтида сўндирилмагани учун бу вақтга келиб тўртинчи қавати тикланаётган турар жой биноси аукцион орқали сотилади. Бинони бухоролик тадбиркорлар сотиб олишади, бино қурилишига улар ҳам ҳисса қўшишади, бироқ уйлар учун тўлов қилган аҳоли вакилларига рад жавоби бериб, ҳайдаб солишади.
3. Орада судлашувлар бўлиб ўтади ва аукцион бекор қилинади. Энди МЧЖ раҳбари Ф.Тўхтаев ва МЧЖ фаолияти ўрганилиб, 2 миллиард сўм атрофидаги молиявий жарималар ва тўловлар ундирилиши белгиланади. Ундирув учун МЧЖ балансида бошқа мул ёки маблағ йўқ. Айни пайтда яна уй аукционга чиқарилиши керак бўлиб турибди.
4. Боз устига аввалги марта уйни аукциондан харид қилган бухоролик тадбиркорлар ҳам жим қараб ўтиришгани йўқ. Улар ҳам уйга харажат қилишган ва харажатлари қопланишини истаб судга мурожаат қилишган.
Мухтасар қилиб айтганда, пайдо бўлган вазиятнинг бор бўй-басти мана шу. Нима қилиш керак, деб ўйлайсиз? Навоийда аллақачон довруғ қозонган ушбу 60 квартирали уй эгалари ва ҳаттоки қурувчиси ҳам маҳаллий ҳокимиятдан нажот кутишмоқда.
Уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Ҳокимият ва прокуратура органлари келишган ҳолда, ушбу можарога чек қўйиш, муаммога ечим топиш, даъвогар томонларни муросага келтириш учун аҳоли манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси киритиши, келишув шартномаси бўйича пул тўлаган харидорларга хонадонлари ҳужжатлаштириб берилиши керак. Масалани ҳал қилишнинг бундан бошқа оқилона йўли йўқ.
Хуллас, бу иш билан расмийлар жиддийроқ шуғулланишмаса, шундоқ ҳам қийин шароит ва вазиятда кун кечираётган оддий халққа жабр бўлиши мумкин.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Жаҳонгир Алибоев, тасвирчи.
Мавзуга оид
13:32 / 06.11.2024
Тошкентда октябрда уй-жойлар учун ижара нархи ошиши секинлашди
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
21:16 / 31.10.2024