Ўзбекистон | 18:15 / 22.08.2020
12437
3 дақиқада ўқилади

ДТМ директори ўринбосари абитуриентларнинг IELTS Indicator бўйича эътирозларига муносабат билдирди

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов ОТМларга бу йилги қабулда IELTS Indicator B2 ва ундан юқори даражасига эга абитуриентларга чет тили фанидан максимал балл берилиши ҳақидаги қарорга изоҳ берди.

Бу қарор абитуриентлар орасида бир нечта сабабларга кўра норозилик келтириб чиқарган эди. Аввало, сертификат учун онлайн топшириладиган имтиҳоннинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш имконсиз.

Қолаверса, онлайн ҳужжатлар қабули вақтида имтиёз олиш учун IELTS Indicator'ни юкламаслик сўралган. Эндиликда бундай сертификати бўла туриб қоидаларга риоя этганлар имтиёзсиз қолиб, белгиланган тартибни бузиб бу сертификатни кўрсатганларга имтиёз берилмоқда.

ДТМ директори ўринбосари бунга муносабат билдирар экан, янгилик Давлат қабул комиссияси баёни билан жорий этилганига эътибор қаратди.

«Биз [IELTS Indicator сертификати қабул қилинмаслиги ҳақида] олдин кўп маротаба айтиб ўтгандик – Вазирлар Маҳкамасининг 395-сонли қарорида IELTS Indicator кўрсатилмаган. Кўп абитуриентлар томонидан шу бўйича савол бўляпти: «Ўтмайди, деган эдинглар», дея эътирозлар бўляпти.

Ҳа, [ўтмайди деганимизга сабаб] – Вазирлар Маҳкамаси қарорида IELTS Indicator тўғрисида кўрсатилмаган, бу қарор қабул қилинган пайтда – бир йил олдин IELTS Indicator ўзи ҳам йўқ эди. Лекин Давлат комиссиясининг [жорий йил августдаги] 2-сон баёнига кўра, абитуриентларга қўшимча шароит яратиб бериш мақсадида, IELTS Indicator'ни тан олиш масаласи ҳам белгилаб берилган.

Абитуриент рўйхатдан ўтиш даврида IELTS Indicator'ини юклаган бўлса, ҳозирги кунда уни инобатга олиш бўйича ишлар олиб бориляпти», – деди Сардор Ражабов.

У сертификат учун уйда онлайн топшириладиган имтиҳоннинг шаффофлиги масаласига ҳам тўхталди.

«Ҳозирда нафақат IELTS Indicator, балки TOEFL iBT ҳам онлайн тест ўтказиш тизимини йўлга қўйган. Биз Британия кенгаши, Кембриж ассесмент каби ташкилотлар билан доимий алоқада бўлиб турамиз. Улар билан гаплашганимизда: «Онлайн имтиҳон жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланилади, яъни камера орқали назорат қилинади, бошқа одам бўлса, ўтирганда ўнг-чапга қараса, кўзини олиб қочса, тест автоматик тарзда тўхтатиб қўйилади», деб бизга хабар беришган», – деди Сардор Ражабов.

Маълумот учун, IELTS Indicator – инглиз тилида ўқиш, ёзиш, тинглаш ва гапириш кўникмасини баҳоловчи тест тизими бўлиб, у пандемия даврида бўлажак талабаларни қўллаб-қувватлаш учун онлайн шаклда ташкиллаштирилган.

ДТМ эълон қилган статистикага кўра, жорий йил 8 660 та ҳужжат чет тили сертификати дастурга киритилган ва улардан 8 079 таси тасдиғини топган. 581 та сертификат эса талабга жавоб бермаслиги аниқланган – эндиликда шулар орасидан IELTS Indicator сертификатлари ажратиб олиниб, уни юклаган абитуриентларга чет тили фанидан максимал балл берилади.

Мавзуга оид