Жаҳон | 18:20 / 22.08.2020
22047
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко иш ташлаш ўтказаётган корхоналарни ёпишни буюрди

Беларусдаги қатор корхоналарда иш ташлашлар бошлангани, ишлаб чиқариш тўхтагани хабар қилинганди, аммо мамлакат бош вазири Роман Головченконинг айтишича, иқтисодиётнинг реал секторидаги барча ташкилотлар одатдаги режимда ишламоқда.

Фото: AFP

Беларусь президенти Александр Лукашенко иш ташлаш ўтказаётган корхоналарни 24 августдан ёпишни буюрди.

Унинг сўзларига кўра, "кимдир ишлашни хоҳламаса", губернаторлар ва ижроия қўмиталари раислари уларни ишлашга мажбурламасликлари керак.

"Керакмас. Уларни барибир мажбурлай ва кўндира олмаймиз. Мамлакат чидайди. Агар корхона ишламаса – душанбадан дарвозасига қулф осилади, тўхтатамиз. Одамлар совиганидан кейин корхонага кимларни таклиф этишни ҳал қиламиз. Душанбадан", — деди Лукашенко.

Беларусдаги қатор корхоналарда иш ташлашлар бошлангани, ишлаб чиқариш тўхтагани хабар қилинганди, аммо мамлакат бош вазири Роман Головченконинг айтишича, иқтисодиётнинг реал секторидаги барча ташкилотлар одатдаги режимда ишламоқда.

Кўчалардаги намойишлар ҳақида сўз юритаркан, Лукашенко уларнинг ташкилотчилари "хорижда, қўшни мамлакатларда ўтиргани"ни қайд этди.

"Чегара орқали ҳар хил одамлар ўтяпти. Келишиб, байроқ силкитишяпти, сизларни тартибсизликларга ундаяпти. Тартибсизликларнинг асосчилари гродноликлар эмас, беларуслармас. Улар ўша ёқда —Варшавада, Вильнюсда", — деб қўшиб қўйди у.

Мавзуга оид