Жаҳон | 18:36 / 25.08.2020
14663
3 дақиқада ўқилади

Ротенберглар оиласи яна Россиянинг энг бой сулоласига айланди

Ротенберглар оиласи 2014 йилда Россиянинг энг бой сулоласи деб топилган эди. Орадан 6 йил ўтгач улар яна рейтингнинг чўққисига чиқиб олишди.

Аркадий Ротенберг /Фото: Reuters

Forbes нашрининг ҳисоб-китобига кўра, Ротенберглар оиласи Россиянинг энг бой сулоласи ҳисобланади. Уларнинг умумий бойлиги 5,45 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бунда нашр оиланинг 4  аъзоси бойлигини инобатга олган — Аркадий Ротенберг, унинг укаси Борис, шунингдек, ўғли Игорь ва қизи Лилия. Бир йил ичида оиланинг бойлиги 270 млн долларга кўпайган.

Рейтингни тузишда журнал оила активларининг қиймати: компания акциялари, кўчмас мулк объектлари, ер участкалари, шунингдек, шахсий мулк ва бошқаларни инобатга олган. Маълумотлар 2020 йил 15 июль ҳолатига келтирилган.

Forbes 68 ёшли Аркадий Ротенберг бойлигини 2,9 миллиард долларга баҳолаган. Ҳозирги вақтда у Россия хоккей федерацияси бошқаруви раиси, «СКД «Явара-Нева» жамғармаси бош директори ҳисобланади. Шунингдек, Ротенберг Қрим кўприги қурилишининг бош пудратчиси «Стройгазмонтаж» компаниясининг асосчиси ва раҳбари бўлган. 2019 йилда у компанияни «Стройинвестхолдинг»га сотган. Айнан шу сабабли, унинг оиласи бойлиги кўпайган.

Аркадийнинг укаси, 63 ёшли Бориснинг бойлиги 1,1 миллиард долларга баҳоланяпти. Борис Ротенберг — СМП Банк директорлари кенгаши аъзосидир.

Аркадийнинг ўғли, 47 ёшли Игорь Ротенберг бойлиги 950 млн долларга баҳоланяпти. У «Газпром бурение» компаниясининг эгасидир. Шунингдек, унга катта юк автомобилларидан тўлов йиғувчи «Платон» тизими оператори «РТ-Инвест Транспортные системы» компаниясининг 23,5 фоиз акциялари, шунингдек, «Авиапарк» савдо маркази ва «ТЭК-Мосэнерго» акциялари ҳам тегишли.

42 ёшли Лилия Ротенберг 500 млн доллар миқдоридаги бойликка эгалик қилади. Унга TPS Real Estate компаниясининг 33,3 фоиз акциялари тегишли. 

Forbes нашри рейтингида иккинчи ўринни «Фосагро» компанияси хўжайини, 5,1 миллиард доллар бойликка эга Гурьевлар оиласи эгаллаб турибди. 

5 йил давомида рейтингда пешқадамлик қилган Гуцериевлар оиласи 3,2 миллиард доллар бойлиги билан учинчи поғонага тушган. «Коронаинқироз» туфайли уларнинг кўчмас мулк лойиҳалари қиймати пасайган. Натижада, оила 2,45 миллиард доллар йўқотган.

Мавзуга оид