Жаҳон | 23:23 / 01.09.2020
30733
9 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: ҳонгконгликлар ёппасига тест қилинмоқда, Россия вакцинасига шубҳалар давом этмоқда

Европа мамлакатларидаги мактабларда ғайриоддий ва хавотирли ўқув йили бошланмоқда. Янги қоидалар таркибига қўлларни тез-тез ювиш, турли синфлар учун мактабга келиш ва танаффусларнинг фарқли вақтлари, хонани тез-тез шамоллатиш киради. Ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчилар ҳар хил ҳис-туйғуларни бошдан кечираётган бир пайтда, сиёсатчилар синфлар ҳозир хавфсизлигини таъкидлаб, барчанинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилмоқда. 

Фото: Getty Images

Ҳонгконгда коронавирус учун оммавий текшириш бошланади. Унда Хитой ҳукуматининг иштироки кўпчиликни хавотирга солмоқда ва ҳозирча кўнгиллилар нисбатан кам. 

Ҳиндистонда август ойида деярли 2 миллион кишида коронавирус қайд этилган - бу бутун пандемия даври учун рекорд кўрсаткич. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 25,5 миллиондан ошиқ кишига Covid-19 ташхиси қўйилган, 850 мингдан зиёд одам вирус ва у алоқадор бўлган касалликлардан вафот этган. 

Европада болалар парталарга қайтмоқда
Францияда икки ойлик ёзги таътилдан сўнг 12,4 миллион бола синфга қайтмоқда. «Қўрқманг!» – таълим вазири Жан-Мишел Бланк шу каби сўзлар билан ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди. 11 ёшдан катта ўқувчилар ва ўқитувчилар мактаб ҳудудида ниқоб кийишлари шарт.

Москвада билимлар куни. Фото: Кирилл Кухмарь/ТАСС

Ёзда Франция бўйлаб коронавирус билан янги касалланишлар сони кескин ошиши қайд этилди. Фақатгина август ойида касалланиш ҳолатларининг жами сони 50 фоизга ошиб, 281 мингтага етди. Июль охирида ушбу кўрсаткич 188 мингни ташкил этганди. 

Янги авж олишлар туфайли мамлакат расмийлари ёзда баъзи карантин чораларини қайта жорий этди, хусусан, ниқоб тақиш нафақат дўконда ва транспортда, балки аксарият йирик шаҳарларнинг кўчаларида ҳам мажбурий ҳолга айланди. 

Сешанба кунидан бошлаб Францияда иш жойларида ҳам ниқоб тақиш шарт бўлади. 

Душанба куни расмийлар 3082та янги ҳолат ҳақида хабар беришди, бу жума кунги кўрсаткич (7379та ҳолат) билан таққослаганда сезиларли пасайишдир.

Ёзда пандемия Испанияга ҳам янги куч билан қайтди, бу давлатда олти ёшдан ошган барча мактаб ўқувчилари ниқоб кийиши ва кунига камида беш марта қўлларини ювишлари шарт. Синфлар сони энг кўпи билан 25 болага қисқартирилди ва маҳаллий ҳокимият қўшимча ўқитувчиларга маош тўламоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, август ойидаги янги беморлар сонининг кескин ўсиши, қисман, енгил ва аломатсиз ҳолатларнинг аниқланиши билан боғлиқ бўлиб, бу ўлим кўрсаткичини барча ҳолатларнинг 0,4 фоизига етказган.

Италиядаги мактаб ўқувчилари бир метрлик масофа сақлаши керак ва бу мумкин бўлмаган жойда - ниқоб тақишади. Расмийлар жамоат транспортида чипталарнинг ярми ўрнига 80 фоизини сотишга рухсат беришди – ўқувчилар мактабларига боришлари учун.

Бельгияда 1,2 миллион ўқувчи мактабга қайтмоқда. Дарслар оралиғида турли синф ўқувчилари учрашмаслиги керак, хоналар мунтазам равишда шамоллатилади, мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар машғулотлар пайтида ниқобда бўлишлари керак.

Англия ва Уэльсда барча болалар шу ҳафтанинг турли кунларида мактабга қайта бошлашади. Уларнинг аксарияти учун бу деярли олти ойдан кейинги биринчи анъанавий машғулот. Дастлаб, расмийлар мактабларда ниқоб тақиш шарт эмаслигини таъкидлашди, аммо инфекция тарқалиши ортиши туфайли маҳаллий ҳокимият органлари вақтинчалик чекловлар жорий этган ҳудудлардаги ўрта мактабларнинг йўлакларида ниқобда бўлиш ўтган ҳафтада мажбурийлаштирилди.

Таълим тадқиқотлари миллий жамғармаси томонидан ўтказилган сўровга кўра, Буюк Британиядаги мактабларнинг ўқитувчилари ва директорлари ўртача ҳисобда талабалар ўз билимлари жиҳатидан дастурдан уч ой орқада қолмоқда деб ҳисоблайди, кам таъминланган ва бадавлат оилалар ўқувчилари ўртасидаги ўқув натижаларидаги фарқ эса бир ярим баравар ошди.

Россия миллиондан ошди
Сўнгги бир кунда Россияда яна 4 729 янги ҳолат қайд этилди ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 1 000 048га етди.

Россия касалланиш ҳолатлари сони бўйича жаҳон рейтингида ҳамон тўртинчи ўринда бормоқда. Бутун дунёда шу вақтгача 25,5 миллиондан ортиқ киши вирусдан зарарланган.

Россияда сўнгги бир кунда 123 бемор вафот этди ва жами ўлимлар сони 17 минг 299тага етди, мамлакат коронавирус қурбонлари сони бўйича 12-ўринда жойлашган. Шу вақтгача 815 минг 705 нафар бемор касалликдан соғайган.

Ҳукумат Covid-19’дан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат ҳақида январь ойидаёқ эълон қилганди. 14 май кунига келиб жами ҳолатлар сони 250 мингга, 11 июнга келиб 500 мингга етганди.

Ҳонгконгда оммавий синов
Ҳонгконгда дам олиш кунлари коронавирусга текширишнинг кенг кўламли дастури бошланди. Тестдан бепул, ихтиёрий равишда ўтиш мумкин.

Ҳонгконгда аҳолини ёппасига текинга тест қилиш дастури бошланди
Фото: EPA/Vostock-photo

Аммо Хитой ҳукумати қўллаб-қувватлаши ва хитойлик шифокорларнинг дастурда иштирок этиши туфайли ҳонгконгликларда бу 7,5 миллионлик шаҳар аҳолисининг кўпчилигидан ДНК тўплашга уриниш деган қўрқув мавжуд. 

Шанба куни рўйхатдан ўтиш бошланганидан бери 500 мингдан ортиқ киши бепул тестга ёзилди. 

Тиббиёт ходимлари касаба уюшмасини тест синовларига диққатни жамлаб эмас, балки оммавий ёндашаётгани учун танқид қиляпти. Ҳокимият бунга жавобан оммавий таҳлиллар инфекция тарқалишининг умумий миқёсини кўришга ва янги ўчоқларни самарали равишда ўчиришга ёрдам беришини билдирган.

Июль ойи ўрталарида, коронавируснинг иккинчи тўлқинининг энг юқори чўққисида шаҳарда кунига 145та янги ҳолат қайд этилган эди, аммо сўнгги икки ҳафта ичида кунлик ҳолатлар сони 25тадан ошмади. 

Ҳиндистон: август ойида деярли 2 миллион юқтириш ҳолати
Ҳиндистон ҳукумати август ойида коронавирус инфекциясидан зарарланиш билан боғлиқ 2 миллионга яқин ҳолатни қайд этди. Бу пандемия бошланганидан бир мамлакатда қайд этилган энг юқори ойлик кўрсаткич ҳисобланади.

Нью-Делида тиббиёт ходими ПЗР-тест олиш жараёнида
Фото: Reuters

Август ойида ушбу мамлакатда Covid-19 ташхиси қўйилган 28 мингга яқин одам вафот этди - бу ҳам дунёдаги энг юқори ойлик кўрсаткичдир. 

Ҳиндистон ташхис қўйилган ҳолатларнинг умумий сони бўйича (3,6 миллион) дунёда АҚШ ва Бразилиядан кейинги учинчи ўринда жойлашган.

Шу билан бирга, Ҳиндистон ҳукумати апрель ва июнь ойлари орасида деярли тўртдан бирга қисқарган иқтисодиётни рағбатлантириш учун карантин чораларини юмшатишда давом этмоқда. 

Сешанба куни Ҳиндистонда муҳандислик олийгоҳларининг кириш имтиҳонлари (Joint Entrance Examination) бошланади. Талабалар расмийларнинг имтиҳонларни бошқа вақтга суришига умид қилишганди. Аммо миллий имтиҳон агентлиги имтиҳонни ўз вақтида ўтказишни талаб қилмоқда, бу «ҳаёт давом этиши зарурлиги ва талабалар карьераси хавф остида қолмаслиги кераклиги» билан изоҳланмоқда. Имтиҳонлар 6 сентябргача давом этади, 850 минг абитуриент мамлакатдаги 660 марказда тест топширади.

Россия вакцинаси қанчалик самарали?
11 август куни Россия Covid-19га қарши вакцинани рўйхатдан ўтказган дунёдаги илк давлат бўлганди, аммо иммунологлар жуда тез тайёр бўлган бу вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсизлигига шубҳа билан қарашмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

Мутахассислар Хитой ва Россия вакциналарини барчада ҳам бирдек қўллаб бўлмаслиги мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.

Хитойнинг CanSino Biologics компанияси томонидан ишлаб чиқилиб, ХХР ҳукумати томонидан ҳарбий хизматчиларда ва яна айрим давлат хизматчиларида синалиши маъқулланган вакцина Ad5-nCoV аденовирус векторига асосланган бўлиб, шамоллаш чақириши мумкин.

Россиянинг Гамалея институти томонидан яратилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олганди. Ушбу вакцинани яратишда ҳам аденовирус ва яна бир кам тарқалган вирус асосида бир хил технология ишлатилган.

Айрим экспертларнинг фикрича, кўпчилик Ad5 билан касалланиб бўлган ва унга қарши иммунитет ҳосил қилган, шундай экан, янги вакциналар уларга кор қилмаслиги мумкин.

«Мени Ad5 ташвишлантирмоқда, чунки кўпчиликда унга қарши иммунитет ҳосил бўлган. Мен уларнинг стратегияси қандайлигини билмайман... Эҳтимол, самарадорлик 70 фоизга, балки, 40 фоизга ҳам бормас. Аммо бу йўқдан кўра бор», дея Жонс Ҳопкинс университетининг вакциналар бўйича мутахассиси Анна Дурбиннинг сўзларини келтирмоқда Reuters. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши янги вакцинани қўллашга рухсат берилиши жараёни жиддий ёндашувни талаб этишини айтиб ўтди.

ЖССТ бош директори ўринбосари, доктор Сумия Сваминатан ҳар бир мамлакат янги дори-дармонларни кенг кўламли синовларсиз тасдиқлаш ҳуқуқига эгалигини, лекин бунга енгил қараб бўлмаслигини таъкидлади.

Ташкилот маълумотига кўра, ҳозирда турли давлатларда 33 хил вакцина клиник синов жараёнида, яна 143 вакцинанинг клиник синови бошланиши кутилмоқда.

Сумия Сваминатан Турли давлатларда ишлаб чиқилаётган коронавирусга қарши вакциналар самарадорлиги камида 50 фоиз бўлиши кераклигини қўшимча қилган.

«Хавфсизлик мезонларига жавоб бериши учун вакцина камида 50 фоиз ҳолатда самарадорлигини кўрсатиши керак. Самарадорлиги 30 фоиздан паст бўлган вакциналарни рўйхатга олмаган маъқул», деган у.

Мавзуга оид