Америкалик фокусчи катта пуфакларда 7,5 км баландликка кўтарилди
Америкалик таниқли фокусчи Дэвид Блейн ўз фаолиятидаги энг мураккаб трюклардан бирини бажарди. У катта пуфаклар бойламида чўл устидан бир соат давомида учиб ўтган ва бунда 7,5 км баландликка кўтарила олган.
У парвоз вақтида гўёки бойламни ҳеч қандай зўриқишсиз ушлаб учаётгандек тасаввур ҳосил қилган. Аслида эса унинг вазни ва юкланма унинг танасига маҳкамланган махсус эҳтиёт мосламасига тушган.
Трюк видеоси Блейннинг Youtube-каналида эълон қилинган.
Фокусчи Аризонадаги чўл устидан учиб ўтиш вақтида 7,5 км баландликка кўтарилган ва сўнгра ерга парашютда тушган. Блейн ҳавога кўтарилиш вақтида парашютсиз бўлган. Парашют пуфаклардан бирининг ичида бўлган. Фокусчи уни 3 минг метр баландликда тақиб олган.
Дастлаб Блейн 5480 метрга кўтарилишни режалаштирилган, аммо натижада у 2 км баландроққа кўтарилишга муваффақ бўлган. Ҳаво сийрак бўлган баландликка чиққанда Блейн кислород баллончаларидан фойдаланган.
Парвоз дастлаб 31 августга белгиланган, бироқ ёмон об-ҳаво сабабли икки марта қолдирилган ва парвоз жойи Нью-Йоркдан Аризонага ўзгартирилган.
47 ёшли фокусчи осмонга кўтарилиш учун гелий билан тўлдирилган 50 та турли ўлчамдаги пуфакдан фойдаланган.
Блейн ушбу трюкини фаолиятидаги “энг мураккаби” деб атаган ва уни 9 ёшли қизига бағишлаган. Фокусчи парвозни бажаришдан олдин жиддий тайёргарликдан ўтган: у парашютда 500 та сакрашни амалга ошириб, профессионал парашютчи мақомини олган. У, шунингдек, ҳаво шарини бошқаришга лицензия ва гелий билан тўлдирилган шарларда парвозга рухсат олишига тўғри келган.
Блейн 2008 йилда сув остида нафасни ушлаш бўйича рекордни янгилаб оламшумул машҳурликка эришган. Унинг натижаси 17 дақиқа 4 сонияни ташкил қилган. Умуман олганда, у одамларни ўз маҳорати билан 1999 йилдан бошлаб ажаблантириб келади. Фокусчи 2003 йилда Темза дарёси устида 10 метр баландликда жойланган шаффоф камера ичида егуликсиз 44 кун ўтказган. 2002 йилда эса 22 метрлик устун учида егулик ва сувсиз 35 соат ўтирган, 1999 йилда Нью-Йоркда муз камерада 61 соат 40 дақиқа ўтказган.
Мавзуга оид
15:10 / 17.06.2019
Ҳиндистонда сув остида кишандан халос бўлишини кўрсатмоқчи бўлган иллюзиончи бедарак йўқолди
07:53 / 04.08.2017
Францияда ҳавога учирилган пуфак Флоридада аниқланди
14:38 / 29.06.2017
«Шиширилган ишонч» — «Чироқлари синган пресс-клуб»даги томоша воқеаси
14:27 / 12.02.2017