Жамият | 00:10 / 05.09.2020
93165
3 дақиқада ўқилади

3 сентябрдаги тест синовлари натижалари эълон қилинди

ОТМларга кириш учун 3 сентябрь куни тест топширган абитуриентларнинг имтиҳон натижалари эълон қилинди.

Давлат тест маркази 3 сентябрь кунги синовлар бўйича ахборот берди.

«Республикадаги 65та объектда (48 та стадион ва 17 та хиёбонда) тест синовлари 1-сменада соат 08:00да бошланиб, 11:00да тугади ва 2-сменада 17:00да бошланиб, 20:00да тугади.

Наманган вилоятида об-ҳаво туфайли 2-сменада имтиҳон соат 18:30 да бошланиб, 21:30 да тугади.

Тест синовларида бир кунда иштирок этиши режалаштирилган 117 919 нафар абитуриентдан 112 103 нафари – 95,1 % қатнашди.

6 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати 37 ⁰C дан юқори бўлгани сабабли уларга иштирок этишга рухсат берилмади.

Жами 5 695 нафар абитуриент тест синовига келмади.

40 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида: 28 нафари телефон, 3 нафари шпаргалка, 9 нафари бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлгани учун четлатилди.

75 нафар абитуриент имтиҳон жараёнида: 62 нафари телефон ва электрон қурилмалар, 7 нафари шпаргалка, 4 нафари тест материалларини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилгани, 2 нафари бошқа шахснинг ўрнига киргани учун четлатилди.

Наманган, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлган 6 нафар «сохта абитуриентлар» жараёндан четлатилиб, Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Тест синовларини ўтказиш жараёнида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар рўй бермади», – дейилади ДТМ ахборотида.

Айни пайтга келиб, абитуриентлар Давлат тест маркази сайтидаги шахсий кабинетига кириш орқали қанча балл тўплаганини билишлари мумкин.

Тест натижаларини қандай билиш мумкин?

Абитуриентлар ўз натижасини билиш учун рухсатномасининг пастки ўнг бурчагида QR код остига махсус ҳавола (линк) очиб, тест натижаси кўриши мумкин.

QR кодни қандай ўқиш мумкин?

1) Ҳозирги замонавий смартфонларнинг деярли барчасида QR кодни ўқиш учун телефон камерасининг ўзи кифоя қилади. Алоҳида қанақадир дастур ўрнатиш шарт эмас. Шунчаки телефон камерасини ёқинг ва абитуриент рухсатномасининг пастки қисмидаги QR код устига камерани олиб боринг. Шунда телефон экранида ёзув пайдо бўлади ва abitur.dtm.uz сайтидаги махсус узун ҳавола чиқиб келади. Ўша ҳаволани браузер орқали очсангиз, натижани кўриш мумкин бўлади.

2) Агар мабодо телефонингиз камерасини QR код устига олиб борганингизда экранда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса, унда QR код ўқийдиган махсус илова юклаб олишингиз керак бўлади. Масалан, мана дастурни юклаб олиш мумкин.

Талабгорлар ўқишга қабул қилиниш учун тавсия этилган ёки этилмаганини барча имтиҳонлар тугаганидан сўнг, 1 ҳафта ўтиб маълум бўлади.

Маълумот учун, бу йил 1,4 млн абитуриент ҳужжат топширган. Бакалавриатнинг кундузги шаклига 103 575 нафар, сиртқи шаклига 31 350 нафар, кечки шаклига 5 025 нафар талаба қабул қилинади.

Мавзуга оид