Ўзбекистон | 13:20 / 07.09.2020
10966
2 дақиқада ўқилади

Самара вилоятидаги махсус лагерда ўзбекистонлик 3 мингдан ортиқ муҳожир яшамоқда - ОАВ

Уйга қайтмоқчи бўлган ўзбекистонлик уч мингдан зиёд муҳожир ҳозир Самара вилоятидаги махсус вақтинчалик лагерда бўлиб турибди, деб хабар беради «Эхо Москви» радиоси.

Ўзбеклар миллий-маданий жамияти котиби Ёдгор Усмоновнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар Кинел шаҳри яқинида жойлашган махсус лагерга келишда давом этмоқда. 

6 сентябрь куни Россиядан 900 нафар муҳожирни олиб чиқиб кетган навбатдаги поезд йўлга чиқди. Поездга чиқиш қатъий равишда Ўзбекистон бош консуллиги томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича амалга оширилмоқда. 

Аммо, Ёдгор Усмоновнинг айтишича, сўнгги кунларда лагерда поезд чипталарини жуда баланд нархда - 30 минг рублга (400 доллар атрофида) сотаётган олибсотарлар ҳам пайдо бўлган.

Мигрантлар Кинелга ўнинчи августдан келишни бошлади. Ватанга кетмоқчи бўлиб, улар темир йўл станциясида поезд кутишган. Расмийлар сув ва электр энергияси бўлган махсус вақтинчалик лагер ташкил қилгунча, улар перроннинг ўзида матраслар ва қўлбола чодирларда яшашди.

Умуман олганда, сўнгги ҳафталарда Кинел станциясидан 4 мингга яқин муҳожир бўлган тўртта поезд Ўзбекистонга жўнаб кетди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 август куни Россиянинг Самара шаҳридан 925 нафар ўзбекистонлик поездда Тошкентга олиб келинди

25 август куни эса, Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поезди 918 нафар фуқаро билан “Кинел” станциясидан Ўзбекистонга жўнади

Шунингдек, 4 сентябрь куни Самарадан 922 нафар ўзбекистонлик поездда Самарқандга олиб келинди.

Мавзуга оид