Жаҳон | 21:48 / 11.09.2020
31368
13 дақиқада ўқилади

9/11. Дунёга хаос уруғини сепган Нью-Йорк терактига 19 йил бўлди

Дунёнинг бизнес маркази – Нью Йорк... Оддий кунлардан бири. Кўп қаватли бинода одатдагидай иш қизғин. Шу пайт бино жуда қаттиқ силкиниб кетади. Одамлар нима бўлганини тушунишга улгурмай, тепа қаватлардан бетон бўлаклари пастга учиб туша бошлайди. Кўп ўтмай ёнғин келиб чиқади ва 100 қаватли бино батамом қулаб тушади. Унинг ёнидаги иккинчи 100 қаватли бино ҳам шу тариқа қулайди. Бу воқеаларга 19 йил бўлди.

2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда фуқаро авиациясига тегишли тўртта самолёт олиб қочилади. Бироздан кейин ўша самолётлар билан турли биноларга ҳужумлар амалга оширилади. Оқибатда АҚШнинг энг йирик шаҳри Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази жойлашган кўп қаватли эгизак бинолар кунпаякун бўлади.

Кўп ўтмай АҚШ Мудофаа вазирлигининг бош идораси – Пентагонда ҳам теракт уюштирилади. Кўплаб одамлар ҳалок бўлади, тан жароҳати олади. Бугун ўша эгизак бинолар ўрнида ёдгорлик мажмуаси барпо қилинган.

Албатта, қулаб тушган бинолар ўрни вайрона ҳолида қолиб кетмайди. Орадан 1 йил ўтиб, Жаҳон савдо маркази бинолари ўрнида янги бинолар қурилиши бошланади. Янги Жаҳон савдо маркази деб аталаётган жойда жами турли баландликдаги 7та бино қурилади. Уларнинг энг баланди 2014 йилда қуриб битказилган 541 метрли бино ҳисобланади.

Ҳодиса тафсилоти

11 сентябрь куни эрталаб бир гуруҳ террорчилар (кейинчалик АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Федерал қидирув бюроси уларни Усама бин Лодин бошчилигидаги «Ал-Қоида» жангари гуруҳига мансуб деб эълон қилган) АҚШнинг American Airlines ва United Airlines авикомпанияларига тегишли тўртта самолётни гаровга олади.

  • Булар 11-рейс билан Бостондан Лос-Анжелесга қараб учаётган American Airlines авикомпаниясига тегишли Boeing 767 самолёти;
  • 175-рейс билан Логандан Лос-Анжелесга қараб учаётган, United Airlines авикомпаниясига тегишли Boeing 767 самолёти;
  • 77-рейс билан Вашингтондан Лос-Анжелесга қараб учаётган American Airlines авикомпаниясига тегишли Boeing 757 самолёти;
  • 93-рейс билан Нью-Йоркдан Сан-Францискога қараб учаётган United Airlines авикомпаниясига тегишли Boeing 767 самолёти.

Аввалига 11-рейс билан Бостондан Лос-Анжелесга қараб учаётган Boeing 767 самолёти террорчилар томонидан эгаллангач, Нью-Йоркдаги эгиз биноларнинг шимол тарафдагисига бориб урилади. Оқибатда бинога жиддий шикаст етади. Ўшанда соат миллари маҳаллий вақт билан 08:46ни кўрсатаётган эди. Самолёт бинонинг 94-98 қаватлари оралиғига урилади.

Орадан 15 дақиқа ўтиб, 175-рейс билан Логандан Лос-Анжелесга қараб учаётган иккинчи Boeing 767 самолёти эгиз биноларнинг жануб томондагисига бориб урилади. Соат 09:02да содир бўлган бу ҳодисада самолёт бинонинг 78-85 қаватлари оралиғига урилади.

Соат 9:37да 77-рейс билан Вашингтондан Лос-Анжелесга қараб учаётган Boeing 757 самолёти Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига бориб урилади.

93-рейс билан Нью-Йоркдан Сан-Францискога қараб учаётган тўртинчи Boeing 767 самолёти соат 10:03да Пенсильвания штатида далага қулаб тушади.

Етказилган зарар ва йўқотишлар
Бу ҳужумлар оқибатида Жаҳон савдо маркази жойлашган иккита эгизак бино қулаб тушади ва батамом вайрон бўлади. Пентагон биносининг бир қисмига зарар етади. Эгиз биноларнинг қулаб тушиши атрофдаги бир қанча биноларга ҳам жиддий зарар етказади.

Ушбу террорчилик ҳодисаси оқибатида жами 2977 киши ҳалок бўлади:

  • Самолёт йўловчилари ва экипаж аъзолари бўлган 246 киши;
  • Нью-Йоркдаги эгизак бинолар ва уларнинг атрофида бўлган 2 606 киши;
  • Пентагон биносида бўлган 125 киши.
  • Бундан ташқари, 6 300 киши турли тан жароҳатлари олади.

Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази жойлашган эгизак биноларда дунёнинг кўплаб компанияларига тегишли офислар жойлашган эди. Шу сабабли, бу ерда ҳалок бўлганларнинг аксарияти дунёнинг турли мамлакатларидан келиб ишлаётганлар эди. Ўшанда ҳалок бўлганлар орасида 91 мамлакат фуқаролари бўлган. Улар орасида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди.

Нью-Йоркдаги эгизак биноларда бўлганларнинг 1 366 нафари самолёт бинога бориб урилганда, қолганлар эса келиб чиққан ёнғин туфайли ва бинолар қулаб тушганда ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, ушбу ҳалокатда:

  • 341 нафар ёнғинга қарши кураш бўлими ходими;
  • 60 нафар полиция ходими;
  • 8 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган.

Нью-Йоркда ҳалок бўлганлардан 1 600 нафарининг шахсини аниқлашнинг имкони бўлган. 1 100 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланган. Кейинчалик вайроналар остидан ўн мингдан ортиқ турли инсон суяклари топилган.

Фото: Reuters

Кўпчилик инсонларнинг ҳалок бўлишидан ташқари бу ҳодиса АҚШга жуда катта моддий ва молиявий зарар етказди. Биринчи навбатда Нью-Йоркдаги эгизак биноларни суғурта қилган компания банкрот бўлди.

Ҳар йили шу куни воқеа жойига марҳумларнинг яқинлари ташриф буюришади. Фото: Reuters

АҚШдаги NASDAQ фонд биржаси 11 сентябрдан 17 сентябргача ишламади. Ушбу фонд биржасининг бунчалик узоқ танаффус қилиши ҳодисадан 70 йил аввал - 1928-1932-йилларда АҚШда юз берган иқтисодий ва молиявий инқироз пайтида содир бўлган. Фонд бозорлари одатдагидай ишлай бошлаганда эса қимматли бозорлар нархи кескин тушиб кетади ва оқибатда АҚШ компаниялари 1,2 триллион доллар маблағ йўқотади.

Эгизак бинолар бўлган ҳудудда Tribute in Light инсталляцияси ўрнатилган. Ҳар йили 11 сентябрь куни прожекторлар ёқилади. Фото: Reuters

Нью-Йоркдаги эгиз биноларнинг қулаши атроф-муҳитга жуда катта зарар етказади. Бинолар қулагандан сўнг атрофга минглаб тонна бетон уюмлари, ойна синиқлари, металл парчалари, целлюлоза, асбест, қўрғошин, симоб каби чиқиндилар уюлади. Улардан ҳавога заҳарли газлар тарқай бошлайди. Оқибатда Манҳеттен оролининг ҳавоси қаттиқ ифлосланади ва одамлар орасида касаллик кўпаяди.

Теракт АҚШда исломофобия кучайишига сабаб бўлди
Ушбу террорчилик ҳужумидан сўнг америкаликларда мусулмонларга нисбатан нафрат уйғонади ва жойларда уларга қарши ҳужумлар сони кескин ортиб кетади. Ўшанда АҚШдаги жуда кўп мусулмонлар жабр чекади. Одамларда мусулмонларга қарши нохуш кайфият шаклланишида АҚШдаги етакчи нашрлар ҳам муҳим роль ўйнайди. Айрим нашрлар тинимсиз равишда мусулмонларга қарши тарғибот олиб боради. Иккинчи томондан эса ўша пайтда АҚШ Сенатида, ислом динига эътиқод қиладиган давлатлардан келадиган инсонларни мамлакатга киритмаслик ва бу ерда вақтинчалик яшаб юрган мусулмонларни ҳам чиқариб юборишни муҳокама қила бошлашади. Бундай радикал таклифлар рад этилади.

Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, айнан 11 сентябрь ҳодисаларидан кейин мусулмонларга қарши кенг кўламда тарғибот олиб борилгани билан аҳоли орасида ислом динига қизиқиш ортиб кетади. Одамлар бу дин ҳақидаги маълумотларни кўпроқ излай бошлайди. Оддий америкаликлар орасида бу динни қабул қилувчилар сони ортади.

Террорчилик хуружи учун жавоб
2001 йил декабрь ойида АҚШ БМТнинг 1386-сонли резолюцияси қабул қилинишига эришади. Резолюцияда дунёдаги террорчиларни қўллаб-қувватлаётган давлатларга ҳарбий кучлар ёрдамида зарба бериш кўзда тутилган эди. АҚШнинг энг биринчи нишони Афғонистон бўлади. Аммо АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари террорчиларга зарба бериш учун Афғонистонга аввалроқ кириб бўлганди. АҚШнинг Афғонистондаги фаол ҳарбий ҳаракатлари 2001 йил 7 октябридан 2014 йил 28 декабригача давом этади.

Ўшанда АҚШ биргина Афғонистонга қўшин киритиш билан чекланмайди. Билл Клинтондан сўнг АҚШ президенти бўлган кичик Жорж Буш Ироқ ва унинг раҳбари Саддам Ҳусайннинг «додини бериш»ни хоҳларди. 11 сентябрь баҳонасида бунга имконият туғилади. АҚШ Ироқ билан 1990 йилда ҳам урушган ва қисқа муддатда Ироқ енгилганига қарамай, Саддам Ҳусайн ўз ҳокимиятини сақлаб қолган эди. Қизиғи шундаки, Ироқ билан биринчи уруш бўлиб ўтганда АҚШни Жорж Бушнинг отаси катта Жорж Буш бошқараётган эди. Шу тариқа ота-бола Бушлар ўз ҳукмронлиги даврида Ироққа қарши икки марта урушгани билан тарихда қолди.

2003 йил 15 мартда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Саддам Ҳусайнни ағдариш учун Ироққа бостириб киради. АҚШнинг Афғонистонга бостириб киришини 11 сентябрь учун қасос ўлароқ қабул қилганлар ҳам унинг Ироққа бостириб киришини ҳазм қила олишмади. Ўшанда АҚШ ҳарбийларининг Ироққа бостириб киришини кўпчилик қоралаб чиқади. Шунга қарамай, АҚШ бу мамлакатни ўз назоратига олди.

АҚШ армияси Ироққа бостириб кирар экан, унгача кичик Буш ОАВ орқали «Ироқнинг хавфли кимёвий қуроллар устида иш олиб бораётгани, агар Саддам Ҳусайннинг таноби тортиб қўйилмаса, у атом бомбаси яратиб олишдан ҳам қайтмаслиги» ҳақида тинимсиз тарғибот олиб боради. Бундай тарғиботлар натижасида АҚШ аҳолиси Ироқни ўз давлати учун энг асосий душман деб ўйлай бошлайди.

Халқаро кучлар Ироққа бостириб киргандан сўнг бу ерда кимёвий қурол йўқлиги маълум бўлди.

Ироқдан кимёвий қурол топилмагач, кичик Буш бошчилигидаги АҚШ раҳбарияти қаттиқ танқидлар остида қолиб кетади. Аммо ғишт қолипдан кўчган, Ироқ вайронага айланиб бўлган эди.

АҚШнинг Ироққа қарши иккинчи уруши Саддам Ҳусайн учун аянчли тугайди. У АҚШ ҳарбийлари томонидан асир олиниб, сўнг суд қилинади ва 2006 йил 30 декабрь, Қурбон Ҳайити куни осиб ўлдирилади. Кейинчалик АҚШ Сенати тайёрлаган ҳисоботда Саддам Ҳусайннинг халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқаси бўлмагани келтирилади.

Ўшанда Ироқ босиб олингач АҚШнинг навбатдаги ўлжаси ким бўлар экан деган савол кун тартибига чиқади. Аксарият сиёсий таҳлилчилар АҚШ–Эрон уруши юз беришини тахмин қила бошлайди. Аммо Ироқдан кимёвий қурол чиқмагани ортидан танқидлар остида қолиб кетган кичик Буш Эронга қарши уруш очишга журъат эта олмайди.

АҚШнинг Афғонистон ва Ироққа бостириб кириши оқибатида бу икки мамлакат батамом вайрон бўлади. Шу тариқа, АҚШ 11 сентябрь учун ошиғи билан қасос олганди десак бўлади.

АҚШнинг Афғонистон ва Ироқ урушига сарфлаган маблағлари
11 сентябрь воқеалари ортидан бошланган ҳарбий кампанияларда АҚШ ҳисобсиз маблағ ишлатади.

Ўша пайтда АҚШ Конгресси Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар учун 815 миллиард доллар, Ироқдаги уруш учун 686 миллиард, бошқа харажатлар учун учун 100 миллиард доллардан ошиқроқ маблағ ажратади.

Шу тариқа, 2001 йилдан 2014 йилгача АҚШ Афғонистон ва Ироқда жами 1,6 триллион доллар маблағ сарфлайди. Яна бир маълумотга кўра, АҚШ 11 сентябрь ҳодисасидан сўнг ҳарбий харажатлар учун 6 триллион доллар маблағ сарфлаган.

Агар АҚШ Конгресси Афғонистон ва Ироқ уруши учун ажратган 1,6 триллион доллардан ташқари, бу мамлакат ҳар йили 700 миллиард доллар маблағни ўз ҳарбий харажатлари учун сарфлаб боришини инобатга олинса, унинг жами ҳарбий харажатлар учун 6 триллион сарфлангани ҳам ҳақиқат бўлиб чиқади.

Ўшанда йиллик ҳарбий харажатлардан ташқари Афғонистон ва Ироқда олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар учун Қўшма Штатлар ҳар йили қўшимча 100 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаб бораверган.

11 сенябрь ҳодисалари ҳақидаги шубҳалар
11 сентябрь хуружлари рўй берганда ҳамманинг хаёли террорчиларда ва уларнинг ҳужуми туфайли келиб чиққан йўқотишларда бўлди. Юқорида ёзилгандай, бунга нафақат АҚШдаги балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолият олиб борган ОАВ ҳам яхшигина ҳисса қўшди. Ўшанда барча бу терактни қоралаб чиқди. Унинг ижрочиларини жазолаш талаб қилинди. Аммо кейинчалик АҚШ 11 сентябрь ҳодисаларига мутлақо алоқаси бўлмаган Ироққа ҳам бостириб киргандан сўнг бу ҳодиса ҳақида турли шубҳа ва гумонлар ҳам пайдо бўла бошлади.

11 сентябрь ҳодисалари содир бўлгандан сўнг кўплаб олимлар бу ҳодисани синчиклаб ўргана бошлайди. Уларнинг бир қисми 11 сентябрь ҳодисалари ҳақидаги асл ҳақиқатлар АҚШ ҳукумати, хусусан кичик Буш маъмурияти томонидан яширилган деб хулоса беради.

Бундай хулосага келган олимлардан бири – Юта университети физика профессори ўша пайтда эгиз бинолар қолдиқларини синчиклаб ўрганади ва бинони қулатиш учун портловчи моддалардан фойдаланилган деган хулосага келади. Унинг фикрича, биргина самолёт бориб урилиши сабаб 100 қаватли биноларнинг қулаб тушиши бу жуда шубҳали ҳолат.

11 сентябрь ҳодисалари ҳақида шубҳа билдирадиган бошқа бир гуруҳ эса, ўшанда ҳақиқатдан террорчилик ҳодисаси содир этилганига шубҳа қилмаслигини билдиради, аммо «ернинг тагида илон қимирласа биладиган» АҚШ разведка ва хавфсизлик кучлари террорчиларнинг бу ҳужум ҳақидаги режасидан хабардор бўлган ва уларни тўхтатиш учун чора кўрмаган деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бу террорчилик хуружи ўша пайтда дунёдаги геосиёсий майдонда назорат ўрнатиш ва энерго ресурсларга бой ҳудудларни босиб олиш ниятида бўлган АҚШ раҳбарларига керак бўлган. Аммо бу қарашлар ва тахминлар жаҳон миқёсида тан олинмаган.

Хулоса
11 сентябрь ҳодисалари нафақат америкаликлар балки жаҳон аҳли учун катта мусибатларни келтириб чиқарди. Шу ҳодиса ва у сабабли бошланган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида бир қанча давлатлар вайронага айланди, ўн минглаб инсонлар ҳалок бўлди, миллионлаб инсонлар уй-жойидан айрилиб қочоққга айланди. Энг ёмони дунёнинг турли чеккаларида инсонлар ҳануз ўша ҳодисани деб жабр чекмоқда. Шундай экан, бундай ҳодисалар бошқа такрорланмасин. Ер юзида асло уруш бўлмасин!

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид