Жамият | 09:25 / 11.09.2020
3054
3 дақиқада ўқилади

Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурида иштирок этишга аризалар қабул қилиш муддати узайтирилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўзаро ташаббуси билан Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари кичик бизнес вакилларидан Бизнесни интеграциялашган қўллаб-қувватлаш дастурида иштирок этишга аризаларни қабул қилиш муддати узайтирилди. Бу ҳақда ташкилот расмий пресс-релизида маълумот берилган.

Унга кўра, аризалар 2020 йил 15 сентябрь, соат 18:00 гача қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, дастур кичик корхоналарнинг рақобатдошлигини ошириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва ўсишига кўмаклашиш мақсадида уларни консултатив ва молиявий қўллаб-қувватлашга (10,000 АҚШ долларигача грант маблағлари) қаратилган.

Дастур уч босқичдан иборат ва 3 ой мобайнида давом этади:

I босқич: танлаб олинган корхоналар учун онлайн шаклда тренинглар ўтказилади. II босқич: корхоналар учун консалтинг ва шахсий коучинг маслаҳатлари берилади. III босқич: иштирокчи компанияларга уларнинг бизнес ғоялари/лойиҳаларини амалга ошириш учун 10 минг АҚШ доллари миқдоригача эквивалентда беғараз техник кўмак олиш имконияти берилади.

Дастурда иштирок этиш учун, қуйидаги мезонларга мос келадиган, кичик бизнес вакиллари онлайн шаклдаги аризани тўлдиришлари ёки электрон почта орқали сканер қилинган шаклни юборишлари талаб этилади.

Иштирокчилар учун асосий талаблар:

  • Ўзбекистон резиденти томонидан асос солинган, Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида рўйхатга олинган юридик шахс шаклидаги кичик бизнес субъекти;
  • Қуйидаги келтирилган соҳалар бўйича икки йилдан кам бўлмаган муддат ичида фаолият юритаётган бўлиши;
  • Ишчилар сони 5 дан 50 гача бўлиши;
  • Солиқ ва бошқа тўловлар, банкдан олинган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорлик йўқлиги;
  • Амалга ошириладиган режа/лойиҳанинг 20% дан кам бўлмаган қисмини молиялаштириш имконияти мавжудлиги.

Шунингдек, иштирокчилар 2020 йил сентябрь ойидан шу йилнинг декабрь ойига қадар тренинглар ва индивидуал коучинг маслаҳатларини олиш учун 32 соат ўқув машғулотларига вақт ажратишга тайёр бўлишлари зарур.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

  • Тўлдирилган ариза шакли;
  • Рўйхатдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси.

Аёллар ёки 35 ёшгача бўлган ёшлар томонидан асос солинган ёки аёллар ва ёшлар учун иш ўринлари яратадиган кичик бизнес турлари номзодларни танлашда афзалликка эга бўлади.

Дастурда танлов асосида иштирок этиш мутлақо бепул.

Ҳужжатлар бу ерда онлайн тарзда тўлдирилиши ёки сканерланган шаклда ibs@chamber.uz электрон почтасига юборилиши лозим. Ариза шаклини бу ердан юклаб олишингиз мумкин.

Маълумот учун телефон: 1094

Маълумот учун: бизнесни интеграциялашган ҳолда қўллаб-қувватлаш дастури Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид