Ўзбекистон | 10:10 / 22.09.2020
10258
2 дақиқада ўқилади

Эдвард Сноуден АҚШга 5 миллион доллар тўлаб беришга рози бўлди

АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден китоби сотилиши ва оммавий чиқишларидан олган 5 млн доллардан кўпроқ маблағни АҚШ ҳукуматига тўлаб беришга рози бўлди. Бу ҳақда суд ҳужжатларига таяниб CNN телеканали хабар берди.  

Аввалроқ АҚШ адлия вазирлиги Сноуден “Шахсий ҳужжат” (Permanent Record) деб номланган китобини нашр этгани билан боғлиқ ҳолда уни “махфий ахборотни ошкор қилмаслик” мажбуриятини бузганликда айблаган ва унинг устидан судга арз қилган. Вазирликда таъкидланишича, ҳукумат китоб сотилишидан олинадиган барча даромадни йиғиб олмоқчи. Жумладан, 2019 йил охирида Александрия шаҳри (Виргиния штати) суди АҚШ ҳукумати китоб сотилишидан олинадиган маблағларни олишга ҳақли экани ҳақида қарор чиқарган.

Таъкидланишича, Сноуден ўз китоби сотилишидан 4,2 млн доллар ҳамда 56 марта пуллик чиқиш қилганидан 1,03 млн доллар даромад олган.

Телеканалнинг маълум қилишича, АҚШ президенти маъмурияти Сноуден билан у тўлайдиган маблағлар траст ҳисобрақамига ўтказилишига келишиб олган.

Сноуденга қарши ушбу даъво аризаси у томонидан махфий ахборотнинг ошкор қилиниши билан боғланган жиноят ишидан алоҳида судга берилган. АҚШ маъмуриятининг фикрича, Сноуден давлат ахборотини ошкор қилгани ортидан таниқликка эришган экан, китобни чоп этишдан даромад ололмайди.

Мавзуга оид