Жаҳон | 00:19 / 22.09.2020
12554
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ раҳбари коронавирусга қарши нечта вакцина синовдан ўтказилаётганини маълум қилди

Гебрейесус давлатлар ЖССТ ва GAVI’нинг барча номзод вакциналар тўғрисидаги маълумотларни тўплайдиган COVAX Facility дастурига қўшилиши муҳим эканлигини таъкидлади.

Фото: iStock

Коронавирусга қарши 200га яқин вакцина клиник ва клиниколди синовлардан ўтказилмоқда, деб маълум қилди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

"Ҳозирги вақтда COVID-19га қарши қарийб 200та вакцина клиник ва клиниколди синовлардан ўтказилмоқда. Вакциналар ривожланиши тарихи уларнинг айримлари муваффақиятсиз, бошқалари эса муваффақиятли бўлишини кўрсатмоқда", - деди у.

Шу боис Гебрейесус давлатлар ЖССТ ва GAVI’нинг барча номзод вакциналар тўғрисидаги маълумотларни тўплайдиган COVAX Facility дастурига қўшилиши муҳим эканлигини таъкидлади.

GAVI’нинг маълумот беришича, бугунгача COVAX Facility дастурига 156 мамлакат қўшилган. Ушбу рўйхатдан Евроиттифоқнинг 27 мамлакати, Норвегия, Исландия ва Буюк Британия ўрин олган. Россия, АҚШ ва Хитой COVAX Facility дастурига қўшилмаган.

Қайд этилишича, COVAX Facility 2021 йил охиригача барчани етарли даражада дори-дармон билан таъминлаш учун вакцина ишлаб чиқувчилар ва ишлаб чиқарувчилар билан келишув имзолашни бошлайди.

Мавзуга оид