Light | 18:58 / 22.09.2020
66948
6 дақиқада ўқилади

Мавсумий касалликларни коронавирусдан қандай фарқлаймиз?

Инсониятни энг кўп касалликка учратган вирус бу – грипп. Замонамизга келиб оддийгина «шамоллаш» дея ўтказаётганимиз бу касаллик ўз даврида юз миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Ҳар йили кузатиладиган мавсумий дардларга эътибор бу йил алоҳида бўлиши табиий – сабаби, коронавирус пандемияси ҳамон давом этмоқда.

Фото: Depositphotos / Anna Subbotina

Айни пайтда тиббиёт ва жамият яна бир жиддий муаммо, тўғрироғи муаммолар шодасига дуч келди – мавсумий грипп ҳамда бошқа касалликларни ва коронавирусни ажратиб олиш, бир неча касаллик қўшилиб келганда муносиб даражада қарши курашиш зарурати туғилмоқда.

Энг жиддий масала – грипп ва COVID-19 айниқса дастлабки босқичларида жуда ўхшаш кечади. Ҳарорат кўтарилиши, бош айланиши, йўтал каби умумий белгилар ҳар икки касалликнинг асосий симптомлари ҳисобланади. Аммо ўтган қисқа муддат тажрибаси шуни кўрсатдики, аксарият ҳолларда енгил ўтадиган COVID-19 касаллиги асоратларга сабаб бўлганида ниҳоятда оғир кечади ва ўлимга ҳам сабаб бўлади.

Гриппнинг белгиларини деярли ҳамма билади; сабаби – бу касалликка чалинмаган одамнинг ўзи йўқ. Коронавирус юққанда гриппга ўхшаш белгилардан ташқари яна қатор симптомлар борки, булар касалликларни тест топширмасдан ҳам ажратиб олишда қўл келади:

1. COVID-19 касаллигига чалинишнинг ўзига хос хусусияти – инсоннинг сурункали касалликларини қўзғатишидир. Агар сизни шу пайтга қадар бош оғриғи безовта қилган бўлса, касаллик шу белги билан кечади. Кишида сурункали жигар касалликлари мавжуд бўлса, асоратлар кўп ҳолларда шу аъзода кузатилади.

2. Коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган ўзига хос белгилар орасида ҳид ва таъм билиш хусусиятларининг йўқолиши кўп учрайди. Баъзан касаллик кечганда бу белгиларнинг ўзигина кузатилиб, фақат шу симптомлар COVID-19'дан далолат беради.

3. Айнан COVID-19'га хос белгилардан яна бири, эрта юзага чиқадигани – оғиз бўшлиғида пайдо бўладиган тошмалардир. Гарчи яққол ва доимий симптом бўлмаса-да, бу белги ҳам гриппдан фарқлашда қўл келади.

4. Энг жиддийси – COVID-19'нинг асоратлари гриппга нисбатан анча жиддий кечади. Агар организмда сурункали касалликлар бўлса, вазият кескинлашади. Сўнгги давр статистикаси коронавирусга чалинганлар орасида сурункали касалликлар бўлмаса ҳам ўлим ҳолати анчагина кузатилаётганини кўрсатяпти ва бу COVID-19 касаллиги муаммоси янада жиддийлашаётганини билдиради.

5. Ҳар икки касалликни узил-кесил ажратиб олиш тест топшириш орқали амалга оширилади.

Айнан мана шу муаммо – яъни пандемия даврида мавсумий касалликлар, хусусан бронхитнинг кечиш хусусияти, уни COVID-19'дан қандай фарқлаш бўйича Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаевага ҳам савол берилган.

«Фарзандимда бир-икки кун бурни оқди, иситмаси йўқ. 2 кундан бери эрталаб соат 5-6ларда балғамли йўтал тутади, тўлиқ балғамни чиқариб ташлаб яна ухлаб қолади. COVID-19 шундай бошланиши мумкинми?» – дея сўралганида, мутахассис қуйидагича жавоб берган:

«Болада дастлабки 1-2 кун кузатилган бурун оқиши, қисқа йўтал даврида организмига бошқа бир ўткир респиратор вирусли инфекция тушган бўлиши, унга нисбатан бола организмида олдинги йиллари иммун жавоб ҳосил бўлгани боис, бола организми вирус билан бу сафарги учрашувда касалликни енгил ўтказаётгани, лекин шундай бўлса-да мазкур вирус бронхит кўринишида асоратланганини кўрсатмоқда.

COVID-19 касаллигидан фарқли ўлароқ, бугунги кунда болангиз касалланганига 5-6 кун бўлган бўлса-да, оилада бошқаларда касаллик аломатлари пайдо бўлмагани ҳамда бундай беморлари бўлганлар билан мулоқотда бўлмагани бу коронавирус эмаслигидан далолат.

Шундай бўлса-да, COVID-19 касаллигини тасдиқлаш мақсадида шифокор кўрсатмасига кўра антигенни аниқлаш учун ПЗР ёки экспресс тест топшириб аниқлик киритиш мумкин.

Бронхит касаллиги – бронхлар шиллиқ қаватларининг яллиғланиши бўлиб, вирус ёки бактерия ёхуд замбуруғлар сабабли келиб чиқади. Ундан ташқари, кўп ҳолларда аллергик омил (дорилар, турли хил кимёвий воситалар ва ҳоказолар) таъсирида кузатилиши мумкин. Шу билан бирга, катталарда кўп чекиш оқибатида ва касб касаллиги сифатида (асоратланган бронхит) кўринишида ҳам учраши мумкин.

Бронхит аломатлари касаллик бошланишида келиб чиқарувчи омилларга боғлиқ бўлиб, болаларда кўп ҳолатда бу ЎРВИ вируси организмга тушиб томоқ, ҳиқилдоқ, трахея ва бронх йўлларининг шиллиқ қаватларини зарарлаши оқибатида келиб чиқади.

Мазкур ҳолатда кўпроқ зарарланиш трахея ва бронхларда кузатилмоқда, шу боис эрталаб тонгги соат 4–7га қадар инсон организмида ўпка ва нафас йўлларининг қон билан таъминоти кучайиши ҳамда фаолияти фаоллашуви даврида шу трахея ва бронх йўлларида йиғилган ёт нарсаларни организм йўтал механизми билан ташқарига чиқариб ташлашга уринади.

Фарзандингизда балғам эрталабки соат 5-6ларда йўтал билан ажралиб чиқиши кузатилмоқда. Мазкур ҳолат боланинг организмида иммун тизимининг ҳолатига боғлиқ, бу тонгги йўтал маълум бир даврда (7 кундан 14 кунгача оралиғида) ўтиб кетади.

Агарда болада тана ҳарорати 38°С дан юқори бўлмаса ва боланинг фаоллиги яхши, иштаҳаси яхши бўлса, дори воситалари керак эмас.

Асосий мақсад – боланинг бронхларида ЎРВИдан сўнгги қолган балғамли ажралмаларни ташқарига чиқариш ва унинг бронхлари тикланишига ёрдам беришдир. Бундай ҳолатда физиотерапевтик муолажалар ҳам ёрдам беради».

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид