Жамият | 11:38 / 25.09.2020
7218
2 дақиқада ўқилади

Навоийлик аёл алдов йўли билан 40 млн сўмни қўлга киритди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2019 йилнинг май ойидан июнь ойига қадар бўлган вақт оралиғида Навоий вилоятида 58 ёшли С.Х. (аёл) хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Хатирчи туманида яшовчи 34 ёшли Т.Ф.га гўёки аукцион савдосида ишлашини айтган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, С.Х. унинг ишончини суиистеъмол қилиб, шўъба корхонаси томонидан аукцион савдосига қўйилган Lacetti русумли автомашинани Т.Ф.га арзон нархда сотиб олиб беришини ваъда қилиб, Кармана туманининг турли ҳудудларида жами 40 млн. сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Кармана туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан С.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича С.Х. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Жабрланувчига етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид