Ўзбекистон | 13:52 / 02.10.2020
68131
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига янги раис сайланди

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишни Жўқорғи Кенгес раисининг ўринбосари Атабек Давлетов очди. Сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланди, Оқсоқоллар кенгаши ва Ҳисоб-саноқ комиссияси таркиби тузилди.

Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига Камалов Мурат Қаллибекович номзоди тавсия этилди.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби юртимизга ҳам йўқотишлар олиб келгани, лекин ҳаёт давом этиши, шу шароитга муносиб бўлиб, тўғри йўл топиш зарурлигини таъкидлади.

- Бугун қорақалпоқ элини, тупроғини, имкониятларини яхши билган, халқ таниган, турли масалаларни ҳал қила оладиган етакчини сайлаб олишимиз керак. Бердақ бобомизнинг доно сўзлари билан айтганда: Халқнинг ғамини ўйлаган, юрт ғамхўри керак менга, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ҳозирги мураккаб пайтда раҳбар бўлиш осон эмаслигини, Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар 2-3 карра кўпайтириб давом эттирилишини таъкидлади.

- Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман, - деди президент. - У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман. Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади. У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман.

Президент Шавкат Мирзиёев Мурат Камаловнинг инсоний фазилатлари, фидойилиги ва раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди.

Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига Мурат Камалов сайланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, Жўқорғи Кенгеснинг раиси Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир. Жўқорғи Кенгес раиси айни орган томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг розилиги билан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Жўқорғи Кенгеснинг ваколати муддатига сайланади.

Мавзуга оид