Ўзбекистон | 20:24 / 11.10.2020
20397
11 дақиқада ўқилади

Интервью: Азамат Акбаров — «сохта диплом» воқеаси ва олий таълимдаги муаммолар ҳақида

Шу йил бошида Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм халқаро университети собиқ биринчи проректори Азамат Акбаровнинг хорижда олган PhD илмий даража дипломи қалбаки бўлиб чиққани айтилган ва у ишдан олинган эди. Университет орадан 9 ойга яқин вақт ўтиб, бу ҳақдаги хабарларга раддия берди ва улардаги иддаолар ўз исботини топмаганини маълум қилди.

Университет матбуот хизматига кўра, Азамат Акбаров дипломи сохта бўлгани учун эмас, балки ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилган.

«Ваколатли органлар томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу айблов ўз исботини топмаган ва бугунги кунда жиноят иши тугатилган», — дейилади раддияда.

Kun.uz ушбу мавзу атрофида пайдо бўлаётган саволларга жавоб олиш мақсадида Азамат Акбаров билан интервью ташкил қилди.

Проректор билан интервью давомида бошқа мавзулар, хусусан Ўзбекистондаги олий таълим муаммолари, тушунарсиз қолаётган кредит модул тизими, онлайн дарслар, молиявий мустақиллик олгани даъво қилинаётган ОТМлар ҳақида ҳам сўз борди.

— «Ипак йўли» туризм халқаро университетига келишингиз, бу ерда сизга қандай вазифалар қўйилгани ҳамда қисқа иш фаолиятингиз давомида бу вазифаларнинг қанчасини амалга ошира олганингиз ҳақида гапириб ўтсангиз.

— Чет элдалигимда тажрибаларимни ватанимда жорий этишни мақсад қилгандим. Бу ердаги мақсадим – ўқиш тизимини халқаро андозалар асосида ташкил қилиш ва уни давлатнинг «юмшоқ кучи»га айлантириш эди.

Масалан, ҳозирда дунёнинг энг яхши университетлари 100талигининг 60га яқини AҚШдаги университетлар ҳисобланади. Жанубий Корея ҳам бутун дунёга университетлари билан танилмоқда.

«Ипак йўли» туризм халқаро университетини очишдан мақсад – уни Ўзбекистоннинг «юмшоқ кучи»га айлантириб, филиалларини хорижий давлатларда ҳам очиш ва бу орқали иқтисодий фойда топиш кўзланган.

Университетда дарслар 5 кун ва бу кунларда талабалар фақат 5та фан ўқийди. Талабалар ўзларини қизиқтирган бошқа фанларни интернетдан ўрганишлари мумкин бўлади. Уларга дарс беришда кўпроқ амалиёт ва камроқ назария усулидан фойдаланиш керак. Университетнинг мақсади талабаларга Ўзбекистондан чиқмай туриб, хорижий университетлар таълимини бериш.

— Келинг, энди ўша сиз хорижда, яъни Босния ва Герцеговинада олган дипломнинг Самарқандда қалбаки деб топилиши ва ишдан кетишингиз билан боғлиқ воқеалар ҳақида гаплашсак. Айтинг-чи, ўзи нима бўлган эди? Яъни сизнинг дипломингиз сохта эканлиги бўйича нафақат Олий аттестация комиссияси, балки Босния томони ҳам хулоса берган эди.

— Ўзи умуман, 2018 йилда университетда 10га яқин тажрибасиз, инглиз тилини билмайдиган, ҳатто айримлари муқаддам судланган ходимлардан иборат жамоа ўз фаолиятини бошлаган.

Университет ўқув режаси ҳам маҳаллий андозаларга тушиб қолганди. 2019 йил август ойида ишга чиққанимда, менга юклатилган вазифаларни бажаришни бошладим.

Бу жараёнда табиийки, эскирган бўлимларни қисқартириб, кадрлар, жамоа масаласини қайта кўриб чиқдим. Биринчидан, университетдаги кадрларнинг кўпчилиги эгаллаб турган лавозимига жавоб бермасди.

Иккинчидан, уларнинг инглиз тилини билмаслиги халқаро университет учун катта муаммо эди. Чунки чет тилини билмайдиган ўқитувчи ўз тизимига янгилик киритолмайди. Унинг янгиликларни олиш имкониятлари чекланган бўлади. Натижада мен Испания, Aнглия, Жанубий Корея, Швециядаги ватандош мутахассисларни, шунингдек, хорижий ўқитувчилардан жами 15га яқин мутахассис таклиф қилишга мажбур бўлдим. Бу пайтда университетнинг 60га яқин маҳаллий ўқитувчилари ҳам бор эди.

Шу орада университетнинг собиқ проректори бу ишлардан норози ҳолда ижтимоий тармоқларда турли туҳмат ва бўҳтонга тўла интервьюларни тарқатишни бошлади.

Шунингдек, университетни турли радикал кучлардан, четдан келадиган кучлардан ҳимоя қилиш учун 1-бўлим ходими жавоб беради. Aммо у ҳам ўзига юклатилган вазифани бажариш ўрнига, ўқиш жараёнларига жиддий аралаша бошлади. У шунингдек, жамоани менга қарши бошқара бошлади.

Иш бундай давом этиши мумкин эмасди. Ва мен 6 январь куни ўз хоҳишим билан ариза ёзишга қарор қилдим. Бу университетга, илм туғиладиган жойга ва талабаларга ҳурматим учун эди. Бу жараёнлар университетга зиён етказишини хоҳламадим. Бу талабалар ва ходимларга зарар етказиши керак эмасди.

Қизиқ жиҳати, мен 6 январь куни ариза ёзган бўлсам, 7 январь куни бу ҳақда негатив фикрлар билан ёзилган мақола эълон қилиняпти. Бундан кўринадики, бу иш олдиндан пухта ўйлаб, амалга оширилган.

Шунингдек, мен ишдан бўшашим билан менинг ташаббусим билан четдан олиб келинган ўқитувчилар ҳам тазйиққа олина бошлади, маошлари тўлаб берилмади. Бу маошлар ҳамон тўланмаган ҳолда қолмоқда. Бунга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эътибор қаратишини хоҳлардим.

— Айбловлар эълон қилинган пайтда нега ижтимоий тармоқларни тарк этдингиз, шунингдек, бу ҳолатлар бўйича ўзингиз бирор изоҳ бермадингиз? Нега университет энди раддия беряпти? Бу ҳолатларни эртароқ аниқлашнинг иложи йўқмиди?

— Раддия борасида қўмитанинг ўзи фикр билдиради, деб ўйлайман (Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси назарда тутилмоқда. — таҳр).

Мен Ватанга яхши ниятда таълимни ривожлантириш учун қайтгандим. Айнан университетга келишим ҳам шартнома билан, 5 йил ичида бир қатор вазифаларни бажариш, тизимни йўлга қўйиб бериш учун эди.

Рости, шу воқеалардан кейин бироз танаффус олишни хоҳладим. Шунингдек, иш жараёнидан ҳам узилиб қолмадим. Оила ҳам тебратиш керак. Шунинг учун бу пайтда онлайн тарзда турли хорижий университетлар ўқувчиларига дарс бердим.

— Ўзбек таълим тизимига яқин йиллардан бошлаб кредит-модул тизими деган тушунча кириб келди. Бу йил университет ва институтлардан 35таси мана шу тизимга ўтгани эълон қилинди.

Лекин кўпчилик ҳали бу тизимни тўғри тушунгани, англаб олгани йўқ. Биз янги тизимга ўтдик деяётган университетларнинг ҳатто кўпчилик ўқитувчисида тайинли тушунча йўқ. Қолаверса, қанчалик ғалати туюлмасин,  кредит-модул тизими учун ҳали бирорта ҳам ҳужжат йўқ экан.

Хўш, жуда содда тилда тушунтирганда, бу қандай тизим ва нимаси билан анъанавий ўқиш тизимидан фарқ қилади? У бизга нима учун керак?

 — Кредит тизими устунликни талабага беради. Ҳозирги анъанавий тизимда эса устунлик университетларда бўлиб турибди. Улар бир тизимга 12та фан қўяди.

Талаба 12тадан биттасини олмаса ҳам сессиядан йиқилиши мумкин. Кредит модул тизими эса талабага ўзининг 4 йиллик жадвални мустақил танлаш имкониятини беради. Талаба истаса, таълимни 4 йилда ёки 7 йилда ёки аксинча 3 йилда ҳам битириши мумкин. Масалан, «Ипак йўли» университетида 1 семестрда 5та фан, яъни 30та кредит бор.

Талаба университетнинг 240та кредитини ўзлаштириши керак. Таълимнинг неча йил давом этиши аҳамиятсиз. Талаба 1 семестрда 20 кредит, бошқасида 40 кредит олиши мумкин. Яъни талаба ўз вақти ва имкониятидан келиб чиқиб, таълими вақтини ўзи белгилайди.

— Президент Мирзиёев шу йил қатнашган бир йиғилишда олий таълим муассасаларида номутахассислик фанларини қисқартириш ҳақида гапирганди. Энди бу фақат президент гапиргани учун эмас, энг ривожланган давлатларда ҳам шундай, университетларда фанлар сони кўп бўлмайди.

Хўш, бу тизимга бизда қандай ўтиляпти? Эшитяпмизки, ҳозир ОТМларда 3-4 та фанни олиб ташлаш ўрнига бирлаштириб юбориляпти. Яьни фанлар номи шунчаки умумийлашяпти. 

Хўш, сизнингча бу тизим аслида қандай бўлиши керак?

Ҳар бир фан керак, аммо мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанларни умуман ўқитмаслик керак. Ҳатто битта фанни таниш-билишчилик қилиб, 2га бўлиб 2 нафар домлага бериш ҳолатлари ҳам бўлади.

XXI асрда номутахассислик фанларини ўқитишдан кимга фойда?! 10-15 йилда университетлар концепцияси ўзгариб кетади. Талаба ўзи истаса, бошқа факултетлардан ҳам маълум бир фанларни ўқиши мумкин. Бу мутахассисликлараро ҳамкорлик дейилади. Чунки ҳар бир талабанинг турли хил жиҳатларини ривожлантириш керак. Ҳозир кўряпмизки, маълум соҳани битирган талаба ишсиз қолиб кетиши ҳам мумкин.

— Университетларнинг ўзини ўзи молиялаштириши борасида фикрларингизни билмоқчи эдим. Айтинг-чи, ривожланган давлатлар университетлари бу тизимни қандай ташкиллаштиради?

— Ғарбда, ривожланган давлатларда университетлар ишлаб чиқариш корхоналаридек ишлайди. Ректор, деканларнинг мақсади университетга имкон қадар фойда келтириш ҳисобланади.

Шунинг учун ғарб корхоналари молиявий инқирозга учраса, тизимни биринчи ташлаб кетадиган уларнинг раҳбарлари бўлади.

Улар ўз масъулиятини сезган ҳолда корхонадан кетади ёки ўз ойлигини қисқартиради. Шунинг учун 1-навбатда ҳар бир ректор, декан тижорат қоидаларини жуда яхши билиши керак.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизими, аввало, кафедралардан бошланади. Яъни ҳар бир кафедранинг тушуми ва чиқими кўриб чиқилади. Ўзини ўзи молиялаштиришда ўқув режаларининг рақобатбардошлигини таъминлаш керак. Шунингдек, университетлар 5 йиллик бизнес режаси: қанча талаба қабул қилади, қанча хорижлик профессор жалб қилади, қанча электр энергияси ишлатиши кабиларни қамраб оладиган дастурни яратиши керак.

— Пандемия даврида бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам таълим шакли, жумладан олий таълимда онлайн шаклга ўтди. Лекин бу дарсларнинг ўтилиши, талабалар томонидан ўзлаштириш даражаси ҳақида очиқча гаплашадиган бўлсак, ҳеч ким деярли сифатли таълим олаётгани йўқ.

Бу тизим синовдан ўтолмади ҳисоб. Хўш, мутахассис сифатида айтинг-чи, нега бизда бу тизим бунчалик сифатсиз ташкил қилинмоқда, ўзи онлайн дарсларда сифатни таъминлаш мумкинми?

— Онлайн таълимнинг камчиликлари кўп. Биринчидан, ойлаб уйда қолиб кетган талабада стресс бошланади. Иккинчидан, онлайн таълим инклюзив таълимга зарба беради. Ўқув жиҳозларидан талабанинг фойдаланолмаслиги каби. Учинчидан, онлайн ўқиш инсонлар орасида тенгсизлик, табақаланишни кучайтириб, адолатсизликни кўпайтиради.

Олий таълим мутасаддиларига бу борадаги халқаро тажрибани ўрганишларини, хориж университетлари билан ўртада ҳамкорликни йўлга қўйишни сўраб қолардим.

— Суҳбат якунида келгуси режаларингиз ҳақида тўхталсангиз. Юқоридаги воқеалардан кейин ҳам «Ипак йўли» туризм халқаро университетидан сизга таклиф бўлдими ёки таклиф бўлса, у ерга қайтиш ниятингиз борми?

— Ҳозирда университетдан таклиф бўлгани йўқ, агар таклиф бўлса, университетни Ўзбекистоннинг «юмшоқ кучи»га айлантириш учун қайтиш ниятим бор.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид