Жамият | 02:10 / 11.10.2020
43198
4 дақиқада ўқилади

Оқсоч аёллар мавзуси: Меҳнат вазирлиги муносабат билдирди

Фото: iStock

8 октябрь куни Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида оқсоч аёлларга талаб ортиб бораётгани сабаб аёлларни бу касбга тайёрлаш тизимини шакллантириш таклифини берган эди.

Турдимовнинг бу гаплари ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга сабаб бўлди. Кейинчалик Самарқанд вилоят ҳокимлиги бу борада муносабат билдириб, Турдимов аслида нима демоқчи бўлганини тушунтирди. Блогерлар ва ижтимоий фаол фуқаролар Самарқанд вилоят ҳокими жўяли таклиф бергани, уни нотўғри талқин қилмаслик кераклигини айтиб, пост қолдирганди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги охирги кунларда трендда бўлган оқсоч аёллар мавзусига муносабат билдирди. Вазирликнинг Телеграм каналида эълон қилинган постда муносабат Турдимовнинг гапларига қаратилгани айтилмаган, аммо унинг мазмуни айнан оқсочларни, умуман, меҳнат муҳожирларини касбга тайёрлаш ва уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган.

«Охирги кунларда оқсоч аёллар билан боғлиқ масалалар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни хорижга ишга жалб қилишдан олдин чет тиллари ва турли зарурий касбларни ўргатиш бўйича механизм яратилган.

Президентимизнинг жорий йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари, шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар бу борадаги ишлар қамровини янада кенгайтирди.

Хусусан, республикада 30 та касбга ўргатиш марказлари, 14 та мономарказ, маҳаллаларда 136 та касбга ўргатиш ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Мазкур марказларда фуқаролар мамлакатимиз ва хориж меҳнат бозорида энг зарур бўлган касблар бўйича ўқитилади.

Бундан ташқари, Россиянинг йирик шаҳарларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини рус тили ва касбларга бепул ўқитиш бошланди.

Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида ёш болалар учун энага ва тарбиячи ёрдамчиси мутахассислари тайёрланмоқда. Курс давомида тингловчилар боғча ёшидаги болалар психологияси, уларни парваришлаш ва индивидуал ёндашиш усулларини ўрганади. Курс якунида уларга Давлат намунасидаги сертификат берилади. Вилоятларда ташкил этиладиган мономарказларда ҳам худди шу каби мутахассисликлар бўйича хотин-қизлар ўқитилади.

Бугунги кунда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида Россия, Туркия, Қозоғистон каби давлатлар билан келишув шартномалар мавжуд ва ушбу ҳужжатлар доирасида ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Шунингдек, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, бунинг учун меҳнат масалалари бўйича атташе лавозимлари жорий қилинган. Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Самара, Уфа, Новосибирск, Екатеринбург шаҳарларида ва Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари очилган, яқин вақтларда Япония, Қозоғистон, БАА ва Туркияда ҳам ваколатхоналар очиш режалаштирилган.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, жорий йилнинг ўтган даврида хорижда юрган 50 минг нафарга яқин фуқароларга турли кўринишда ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.

Албатта, соҳада ечимини кутаётган муаммолар талайгина, шу билан бирга мавжуд муаммоларни ижобий ҳал қилишга қаратилган амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Хорижга ишлаш учун кетишдан олдин турли касб ва чет тилларини ўрганиш истагидаги фуқароларимиз туманлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоятлар филиалларига мурожаат қилишлари сўралади», дейилган вазирлик баёнотида.

Мавзуга оид