Коронавируснинг банкноталар ва смартфонларда «яшаши» муддати маълум қилинди
Австралиялик олимлар коронавирус банкноталар ва смартфонлар экранларида 4 ҳафтагача қолиши мумкинлигини исботлашди. Бу муддат шундай сиртларда грипп вируси қолиши мумкин бўлган вақтдан деярли 2 марта кўпроқни ташкил қилади.
Австралиянинг касалликларга қарши курашиш маркази олимлари банкноталар, ойна, сенсор экранлар, металл даста ва тутқичларда коронавирус бир ойгача қолиши мумкинлигини аниқлашди. Вирус “жуда бардошли” бўлиб, хона ҳароратида смартфон ойнаси ва банкноталар каби силлиқ сиртларда 28 кунгача “яшаши” мумкин.
Тадқиқотда таъкидланишича, худди шундай шароитларда грипп вирусининг яшовчанлиги 17 кунни ташкил қилади.
Олимлар, шунингдек, коронавирус силлиқ ва ғоваксиз сиртларда пахта каби мураккаб ва ғовак сиртларга эга материалларга нисбатан кўпроқ яшовчан бўлишини аниқлашган. Бундан ташқари, баъзи сиртларда ҳарорат ошиши билан вируснинг яшовчанлиги даври кескин камаяди, бу эса коронавирус совуқ ҳавода кўпроқ қолиши ҳақидаги тахминни тасдиқлайди.
Тадқиқотга кўра, вирус зангламайдиган пўлатдан ишланган буюмлар, полимер банкноталар, винил ва ойнада 20 даража ҳароратда 28 кунгача фаол бўлиб қолади. Ҳарорат 30 даражагача кўтарилганда бу муддат бир ҳафтага камаяди, 40 даражагача ошганда эса 2 кунни ташкил қилади. Вируснинг қоғоз банкноталарда қолиши ҳам юқоридаги каби. Вирус пахтада хона ҳароратида бир ҳафта, 30 даража иссиқда 3 кун ва 40 даражада бир кунгина “яшар” экан.
Вируснинг ойна ва винилда узоқ вақт яшашининг аниқланиши муҳим ҳисобланади, чунки смартфонлар, банкоматлар ва бошқа шундай қурилмаларнинг сенсор экранлари етарлича самарали тозаланмайди ва коронавирус тарқалиши манбаига айланиши мумкин. Шунингдек, коронавируснинг банкноталарда узоқ вақт “яшаши” одамлар ва ҳаттоки географик ҳудудлар ўртасида фаол вируснинг тарқалишига имконият яратади.
Бундан ташқари, коронавируснинг паст ҳароратларда зангламас пўлатда узоқ вақт қолиши вируснинг гўштни қайта ишлаш корхоналари ва музхоналарда кенг тарқалиши сабабини тушунтириши мумкин ва янги ҳамда музлатилган маҳсулотларда сақланиб қолишини исботлайди.
Мавзуга оид
12:58 / 13.11.2024
Мобил қурилмалар эраси: энг кўп сотилган телефонлар
14:35 / 09.10.2024
Эксперимент: Маърузада смартфонлардан қисқа муддат фойдаланиш талабаларга диққатни жамлашга ёрдам бериши мумкин
12:24 / 06.09.2024
Смартфонлар мия саратонига сабаб бўлиши ҳақидаги фикрлар асоссиз деб топилди
15:18 / 22.04.2024