Ўзбекистон | 00:49 / 13.10.2020
10890
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ коронавирусга қарши вакциналар бўйича ўз хулосасини қачон бериши маълум қилинди

Фото: Sputnik / Илья Питалев

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакциналар бўйича ўз хулосасини 2021 йил ярмидан кейин бера бошлайди. Бу ҳақда ЖССТнинг бош илмий ходими Сумья Сваминатан маълум қилди. 

“Биз вакциналарнинг ишлаб чиқилиши ортидан кузатмоқдамиз ва кўплаб давлатларда клиник синовлардаги муайян илгарилашни кўрмоқдамиз. Айни вақтда дунёда 40 та вакцина клиник синовларнинг турли босқичларидан ўтказилмоқда. Жумладан, вакциналардан 10 таси уларнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги борасида якуний жавобларни берувчи учинчи, якуний босқичдан ўтмоқда”, деб маълум қилган ЖССТ мутахассиси.

Сваминатаннинг таъкидлашича, 2020 йилнинг охири – 2021 йилнинг бошида ЖССТга вакциналар ҳақида маълумотлар келиб туша бошлайди. “Биз вакцина ишлаб чиқувчилардан бизда зарур маълумот бўлиши учун вакцина билан боғлиқ барча маълумотларни тақдим қилишларини сўраб қоламиз”, деб қўшимча қилган мутахассис.

Унинг таъкидлашича, ушбу маълумотларни ўрганиш учун ярим йил талаб этилиши мумкин. Шундан кейингина ЖССТ “у ёки бу вакцинанинг фавқулодда вазиятларда ёки доимий равишда қўлланиши бўйича ўз хулосаларини бериши мумкин бўлади”. 

Мавзуга оид