Россиянинг бешта шаҳрида Ўзбекистон фуқаролари учун бепул рус тили курслари очилди
Тил курслари 1 ой (72 соат) давом этади. Бундан ташқари, РФдаги ўзбекистонлик мигрантлар ўз касби бўйича бепул малака ошириши ва янги касб ўрганиши ҳам мумкин бўлади.
Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида ўзбек мигрантлари учун рус тилини ўргатувчи бепул курслар очилди. Бу ҳақда Mir24 хабар берди.
“Фуқаро учун бу курслар бепул. Давлат тўлайди, чунки фуқаро малакали мутахассис бўлиши давлат учун муҳим. Кейинроқ бу [тил билиш] унинг даромади даражасига таъсир қилиши мумкин”, – деган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги етакчи мутахассиси Машраб Мадраҳимов.
Аввалроқ, юқоридаги бешта шаҳарда қуйидаги йўналишлар бўйича 1 ойлик (72 соатлик) ва 2 ойлик (144 соатлик) ўқув курслари ташкил этилиши маълум қилинганди:
- рус тили;
- ўз касби бўйича малака ошириш;
- янги касб ўрганиш.
Малака ошириш ва касб ўрганиш курсларида хизмат кўрсатиш, қурилиш ва компьютер технологиялари соҳасида дарс ўтилади. Курслар сутканинг икки хил вақтида: кундузи ва ишловчилар иш вақтидан кейин 19:00 дан 22:00 гача ташкил этилади.
Курсларга ҳар куни қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказларида ётоқхона ташкил этилади. Курслар ва ётоқхона бўйича барча харажатлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади ва меҳнат мигрантлари учун мутлақо бепул.
Ўқув курсларини тугатган фуқарога Worldskills стандартлари асосида ўқиганликни тасдиқловчи ва малака даражасини кўрсатувчи skills passport (малака паспорти) берилади.
Курсларда ўқиш масаласида қуйидагилар орқали мурожаат қилиш мумкин:
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Telegram`даги @uzrivoj_bot тизими;
- Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг +998 71 202 33 55 телефон рақами;
- Агентликнинг РФдаги ваколатхонасининг +7 925 759 59 25 телефон рақами.
Мавзуга оид
17:18 / 01.11.2024
Медведев Россияда рус тилини билмайдиган болаларни мактабга қабул қилмасликни таклиф этди
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024