Жамият | 17:39 / 18.10.2020
16751
4 дақиқада ўқилади

Telegram'да овоз йиғиш «марафони»: Косон ижтимоий тармоқларда «калтак еди», Конимех «рекордчи»

Икки-уч кун аввал Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Telegram'даги саҳифасида «Йил танлови ­– 2020» рукни билан сўровнома эълон қилди.

Фото: Pinterest

Очиғини айтиш керак, ушбу сўровнома деярли барча туман-шаҳарларнинг ахборот хизматлари юритаётган Telegram-каналларда эълон қилинди. Ҳамма кўпроқ овоз тўплашга, сўровномани тарғибот қилишга ошиқди. Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон тумани тарғиботи ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Масалан, «Нодира Кодирова» номли Telegram фойдаланувчиси гуруҳларда қуйидагича тарғибот қилган: «Барча МФЙлар диққатига! Мана шу линкка уланиб, муносабат билдиринг ва уланганингизни маълум қилинг». «Mehroj Sharofiddinov» профили фойдаланувчиси эса «Овоз беринг ва кузатиб боринг тугмасини босинг, Косонни танланг», деб ёзиб қолдирган. «Нодира Кодирова» яна «Барча МФЙларга раҳмат, анча кўтарилди. Яна қаттиқроқ ҳаракат қилайлик. Отрядлардагилар кетгунча теримчиларни ўзларингиз ташкил этган телеграмларга тарқатинг. Вилоятда эмас, республикада ҳам Косон биринчи бўлиши керак», деган.

Тарғибот шу даражага бориб етганки, қариндошлар гуруҳларида ҳам тарқатиш бошланган...

Дарвоқе, Косондаги тарғибот ўз «натижаси»ни кўрсатган. Тез орада Косон тумани ЎзА сўровномасида энг юқори ўринларга чиқиб олган.

Маҳаллаларга муносабат билдириш, каналга уланишга ундаган «Нодира Кодирова» номли фойдаланувчи кимлигини билиш мақсадида Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари билан боғландик.

«Нодира Қодирова Косон туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди. Ижтимоий тармоқларда у киши маҳаллаларни овоз беришга мажбур қилган мазмунида хабарлар тарқалди. Мен ундай деб ҳисобламайман. Бу ҳолат биргина бизнинг туманимизда кузатилаётгани йўқ-ку.

Шу ўринда ОАВ билан ишлайдиган ходим сифатида фикримни айтмоқчиман. Бунақа сўровномаларни ўтказишдан мақсад нима? Обуначиларни кўпайтиришми? Нега туманнинг салоҳияти ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларига қараб эмас, интернет тармоқларидаги сўров орқали аниқланиши керак? Бунда холислик бўлмайди», – дейди Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Набиев.

У ўзи ҳам туман ҳокимлигининг Telegram-каналида сўровномани эълон қилганини маълум қилди.

ЎзА'да Косон айни вақтда ҳам Қашқадарё туманлари бўйича энг юқори овоз олиб турибди, салкам 6 мингта овоз тўплаган. Таққослаш учун айтиш мумкин, Миришкор туманига 69 киши овоз берган.

Сўровнома ўтказилаётган сайтдаги овоз бериш натижаларига қарайдиган бўлсак, Жиззах вилоятининг Фориш, Шароф Рашидов, Мирзачўл туманлари, Навоий вилоятининг Конимех, Зарафшон туман ва шаҳарларида ҳам худди Косонда бўлгани каби овоз йиғиш «яхши ташкил қилинганини» сезиш мумкин.

Эътиборлиси, Конимех туманининг аҳолиси ҳозирги кунда 30 мингга яқинни ташкил қилади. Туманни ёқлаб 10 мингдан ортиқ одам овоз берган.

Бу ­– тумандаги ҳар уч кишининг бири сўровномада қатнашганини билдиради! Бу ҳолатни кўриб, «Косон тўйга борса бўларкан», деган хулосага бориш мумкин...

Нима ҳам дер эдик, холислиги шубҳага қўювчи бу каби сўровномаларга нисбатан Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Набиевнинг фикрларига қўшилмай илож йўқ.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид