Икки ёшгача бола пулини олишда қандай ҳужжатлар сўралиши эслатиб ўтилди
Вазирлик вакили икки ёшгача бола парвариши учун нафақа пулини олишда 13та ҳужжат сўралгани ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмаслигини маълум қилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева икки ёшгача бўлган бола пулини олиш учун маҳаллага мурожаат қилганида ундан 13та ҳужжат сўралганини айтган фуқаронинг саволига жавоб берди.
«Фуқаролар йиғини ходимининг бу талаби умуман нотўғри. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 44-сонли қарор асосида тасдиқланган Низом талабларига кўра, юртдошларимиз 2 ёшгача болаларига нафақа олиш учун ўзининг яшаш жойи, яъни доимий ёки асосан яшаб турган жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза билан мурожаат қилиши ҳамда унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилиши шарт:
- оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
- болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун — болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;
- доимий рўйхатдан ўтмасдан муайян ҳудудда мунтазам яшаб келаётган фуқаролардан доимий рўйхатдан ўтган жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмагани ва тўланмагани тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;
- агар болалар васийликка олинган бўлса — васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.
Бундан ташқари, ариза берувчи моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризасига оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни ҳам ўз хоҳишига кўра, илова қилиши мумкин.
Бундан кўриниб турибдики, маҳалладан 2 ёшгача бола парвариши учун нафақа пулини олишда фуқародан 13та ҳужжат сўралгани ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас. Фуқаролар йиғини томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, моддий ёрдам ҳамда бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақалар учун фуқаролардан қонун ҳужжатларида кўрсатиб ўтилмаган, жумладан, уйбоши номидан тузилган далолатнома ва меҳнат дафтарчаси нусхаси талаб қилинишига йўл қўйилмайди», деган вазирлик вакили.
Мавзуга оид
17:49 / 03.11.2023
Бола пули ва моддий ёрдам кимларга берилади: мезонлар ва ўзгаришлар
21:45 / 27.11.2021
Депутатлардан садо, 1,5 млн ойлик, авжига чиққан “снос” — X-News
14:58 / 13.01.2021
14 ёшгача бола пули бериш қандай ҳолларда рад этилади?
16:29 / 27.12.2020