Жамият | 03:10 / 20.10.2020
14658
6 дақиқада ўқилади

Жамоат транспортида қўлқоп тақиш: йўловчилар фикри, масъуллар иддаоси ва депутат позицияси

19 октябрдан Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиш тартиби ҳам жорий этилишини маълум қилган эди. Бу қатор сабаблар боис жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда.

Kun.uz мухбири жамоат транспортида тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш мажбурийлиги юзасидан метро йўловчилари фикрини ўрганди.

Камера қаршисида гапирган йўловчиларнинг аксари янги тартибга қарши эмаслигини билдирди. Чунки қўлқоплар бепул тарқатилмоқда.

Айрим фуқаролар эса мажбурий қўлқопда бўлиш тартибига нисбатан салбий фикрда эканини билдирди.

«Қўлқоплар қўл терлашига сабаб бўляпти. Фуқаролар жамоат транспортидан фойдаланиб бўлгач, қўлқопларини ечади. Терлаган қўлга кўпроқ микроблар ёпишади. Шунингдек, қўл териларда ҳар хил ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Бу тартибдан кўра фуқароларга шахсий гигиена қоидаларини, доим қўлни совунлар ва антисептик воситалар орқали тозалаб юришни тарғиб қилиш яхшироқ эмасми?» – дейди йўловчилардан бири.

Наврўз Ашурматов

Транспорт вазирлиги: «Ўзбекистонлик эпидемиологлар ва хориж тажрибаси ўрганилди»

Kun.uz қарор ташаббускори Транспорт вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг маълум қилишича, йўловчиларга тарқатиладиган тиббий қўлқоплар транспорт корхоналари ҳисобидан харид қилинади. Аммо метрополитен ва «Тошшаҳартрансхизмат»нинг бу харажатлари қоплаб берилади.

«Асосий мақсадимиз коронавирус ва бошқа юқумли инфекциялар тарқалишини минимал даражага тушириш. Бу тартибни жорий этишда санитария-эпидемиология маркази ходимларининг тавсияси ва хориж тажрибаси ҳам ўрганилди. Масалан, Москвада ҳам шу тартиб жорий этилди.

Қўлқоплар йўловчилар ҳисобидан эмас, транспорт корхоналари томонидан сотиб олинмоқда. Ҳар бир қўлқоп жуфти 56 сўмга тушяпти. Метрополитен ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» корхоналарининг молиявий хўжалик иши ой якуни бўйича қўлқоп учун кетган харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Яъни Инқирозга қарши кураш жамғармасидан ташкилотларга ўтказиб берилади», – дейди Транспорт вазирлиги расмийси.

Ашурматов Kun.uz'нинг жамоат транспорти корхоналарига қўлқопларни ким етказиб бермоқда, деган саволига айни пайтда унда бу ҳақда маълумот йўқлигини айтиб, кейинроқ жавоб беришга тайёрлигини билдирди.

Ботир Қурбонов

«Янги тартиб Махсус комиссия билан келишилган» — ССВ янгиликни қўллаб-қувватлади

Kun.uz айни масалада ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов билан ҳам суҳбатда бўлди.

«Бизда одамларимизнинг антисептиклардан фойдаланиши етарли даражада эмас. Яъни автобусларда, метрополитенда антисептиклар қўйилса-да, 5-10 фоизгина одам қўлларини зарарсизлантириши кузатилди. Шуни эътиборга олган ҳолда, давлат томонидан бепул қўлқоплар беришга қарор қилинди.

Инфекция нафақат ҳаво-томчи йўллари, балки қўл билан оғиз-бурун ва кўзнинг шиллиқ қаватига тегиниш орқали ҳам юқиши мумкин. Қўлқоп таққан шахс эса юзига қўл теккизмаслиги, оғиз-бурун ёки кўзини ишқаламаслиги, қолаверса, касалликнинг «очиқ дарвозалари»дан ўзини асраши эҳтимоли юқори.

Қўлқоплар нархи давлат томонидан сотиб олиниши 56 сўмдан деб баҳоланган бўлса, Ўзбекистонда ҳар бир касалланган фуқаромиз учун 30 миллиондан 60 миллионгача пул сарфланяпти. Яъни одамларни касалланишдан қанча ҳимоя қилсак, давлат ғазнасини шунча иқтисод қилган бўламиз», – деди Ботир Қурбонов.

У ЖССТ коронавирусдан ҳимояланишда қўлқоплар фойда бермаслиги ҳақидаги хулосасига муносабат билдирди.

«Қўлқоплардан тўғри фойдаланилса, албатта, фойдали. Агар эрталабдан кечгача қўлқопда юрса, бу зарар, бу орқали киши касалликни ўзига ҳам, бошқаларга ҳам юқтириши мумкин. Қўлқоплар тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилган, бу фойдали», – деди у.

СЭОХ расмийси жамоат транспортидаги мазкур тартиб кейинчалик вилоятларда ҳам жорий этилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

«Жамоат транспортида қўлқоплардан фойдаланиш тартиби Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги, Махсус комиссия билан келишган ҳолда жорий этилган», – деди Ботир Қурбонов.

СЭОА расмийси бу тартибнинг нега айнан энди, ҳозирга келиб жорий этилгани юзасидан изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.

Расул Кушербаев

«Бу қарор тавсиявий характерга эга. Чунки Aдлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаган» Расул Кушербаев

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ижро ҳокимиятининг бу хатти-ҳаракатини маъқулламаслигини билдирди.

«Қонунчилигимиз бўйича ҳар бир вазирлик ва идоралар умуммажбурий тусдаги қарорлар қабул қилиши мумкин. Лекин унинг тартиби бор. Яъни Aдлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиши керак.

Карантинга оид чораларни белгилаш Махсус комиссиянинг ваколатига кирар эди. Жамоат транспортида қўлқопларни мажбурий тақиб юриш бўйича Махсус комиссиянинг қарори чиқмаган. Буни вазирлик жорий этмоқда. Лекин суриштирдик, бу Aдлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаган. Демак, буни тавсиявий характерга эга, деб айтсак тўғри бўлади. Унга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик йўқ.

Ҳар бир ҳаракат ҳуқуқий асосга эга бўлиши керак. Ҳар хил вазирлик ўзи хоҳлаганича бунақа қоидаларни ишлаб чиқаверса, бу фуқаролар ҳуқуқига путур етказиши мумкин.

Қонуний асосга эга бўлмай туриб қилинаётган бундай ишлар ё монополия, ёки лоббизмдан дарак беради. Балки кимлардир фойда кўрмоқчи бўлаётган бўлиши ҳам мумкиндир», – деди Кушербаев.

Ҳозирча етказувчи ташкилотларга қўлқопларни қайси ишлаб чиқарувчи етказиб бераётгани номаълум. Бу эса жамоатчиликда «мақсад – одамлар саломатлиги» деб бонг ураётган масъулларнинг ростгўйлиги ва холислигига шубҳаларни кучайтирмоқда.

Мавзуга оид