Ўзбекистон | 19:23 / 22.10.2020
43549
2 дақиқада ўқилади

Талабаларга контрактни тўртга бўлиб тўлаш имкони берилди

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасалари талабаларига тўлов-контракт миқдорларини ўқув йили давомида тенг улушларда тўрт бўлиб тўлаш имконияти берилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, талабалар контрактни қуйидаги муддатларда бўлиб тўлашлари мумкин:

  • тўлов миқдорининг камида 25 фоизини талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун 15 сентябргача (ёки Давлат қабул комиссияси белгилаган муддатгача) ҳамда иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалар учун 1 октябргача (ёки ОТМ раҳбарияти узайтирган муддатгача);
  • тўлов миқдорининг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 апрелгача ва 100 фоизи 1 июлгача (ёки ОТМ раҳбарияти узайтирган муддатларгача);
  • хорижий фуқаролар учун ОТМ раҳбарияти белгилаган муддатларгача;
  • табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга («супер-контракт») ўқув йилининг биринчи ярми учун тўловларни амалга ошириш муддати ва миқдорлари Давлат қабул комиссияси томонидан ва қолган қисми ОТМ раҳбарияти томонидан белгиланган муддатларгача амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги давлат дастурини тасдиқлашга оид президент фармонида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2020/21 ўқув йилидан бошлаб республика ОТМлари талабаларига ўқиш учун тўловларни ўқув йили давомида тенг улушларда, камида тўрт маротаба амалга ошириш имконияти берилишини таъминлаш вазифаси топширилган эди.

Мавзуга оид