Жаҳон | 16:45 / 26.10.2020
5039
2 дақиқада ўқилади

«Яндекс» давлат органлари фойдаланувчиларининг маълумотларини сўраб қанча сўров юборганини маълум қилди

«Яндекс» компанияси илк маротаба Россия ҳукумат органлари томонидан фойдаланувчилари ҳақида маълумот талаб қилинган қанча сўров олганини маълум қилди.

Фото: Анатолий Жданов / Коммерсант

10 йил аввал бу каби статистик маълумотлар Google томонидан эълон қилинган эди, кейинчалик, твиттер, фейсбук каби йирик ижтимоий тармоқлар ҳам бу ишдан ўрнак олишган. Россиянинг йирик интернет компаниялари орасида ҳозирча фақатгина «Яндекс» компанияси «Transparency report»ни эълон қилди.

Медуза нашрининг хабар беришича, 2020 йилнинг биринчи ярмида давлат органлари компанияга жами 15,3 мингта сўров юборган. «Яндекс» уларнинг 84 фоизи – 12,9 мингтасига сўралган маълумотларни тақдим қилган. Қолган 2,4 мингта вазиятда сўралган маълумотлар берилмаган.

Россия қонунчилигига кўра, Федерал хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа куч ишлатар тузилмалар тезкор-қидирув жараёнида зарурат бўлса ҳар қандай компаниядан керакли маълумотларни талаб қилиши мумкин.

Маълум қилинишича, махсус хизматлар асосан фойдаланувчиларнинг «Яндекс.Паспорт» ва «Яндекс.Почта»даги маълумотларини сўраган.

Кейинги ўринларда энг кўп сўровлар «Яндекс.Такси» хизматидан фойдаланувчилар ҳақида бўлган. 2020 йилнинг 6 ойи давомида давлат ташкилотлари компанияга 5,2 минг маротаба фойдаланувчиларнинг маълумотларини сўраб мурожаат қилган, уларнинг 4,1 мингтасига ижобий жавоб берилган.

«Яндекс»нинг корпоратив алоқалар бўлими бошқарувчиси Иля Грабовскийнинг таъкидлашича, агар сўровномалар расмий канал орқали келса ва барча талабларга жавоб берса, компания фойдаланувчиларнинг ҳаракат йўналишлари ҳақида барча маълумотларни беришга мажбур.

Шунингдек, компания расмийси энди «Яндекс» ҳар 6 ойда бундай ҳисоботларни эълон қилиб боришини маълум қилди.

Мавзуга оид