Жаҳон | 19:04 / 27.10.2020
11159
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко намойишларда қатнашган талабаларга ўқишдан четлатиш билан таҳдид қилди

Беларусь президенти Александр Лукашенко норозилик намойишларида қатнашган талабаларга ўқишдан четлатиш билан таҳдид қилди.

«Талабалар. Ўқиш учун келдингизми – ўқинг! Ким хоҳласа – ўқисин. Ким қонунни бузиб рухсат берилмаган намойишларга чиқса – талабаликдан маҳрум қилинади. Илтимос, мен айтганимдек, уларни ёки армияга юборинглар ёки [университетдан] кўчага чиқариб юборинглар», – деган Лукашенко олтинчи УмумБеларус миллий йиғилишига тайёргарлик чоғида.

Октябрь ойининг бошларида талабалари норозилик намойишларида қатнашган 3 та олий ўқув юртининг ректорлари ҳам ишдан бўшатилган эди. Ҳукумат буни «тартибга солиш» мақсадида амалга оширилганини таъкидлаган.

Сентябрь ойида «Беларусь – Келажак» фонди норозилик намойишларида қатнашиб, олийгоҳлардан ҳайдаб юборилган талабаларни Украина университетларига ўқишга киришига ёрдам беришини маълум қилган. Ёрдам айнан қандай шаклда бўлиши очиқланмаган.

26 октябрь куни Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская ҳукумат «халқ ультиматуми»ни бажармагач, умуммиллий иш ташлашлар ҳақида эълон қилганди.

Забастовкага қатор давлат ва хусусий корхоналар ходимлари, талабалар ҳам чиқмоқда. Шунингдек, Тихановская хусусий бизнес, диний жамоалар, маданият, спорт ташкилотлари ва IT компанияларини забастовкага қўшилишга чорлаганди.

Мавзуга оид