Ўзбекистон | 21:44 / 01.11.2020
10955
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг БМТдаги таклифлари юзасидан ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида билдирган таклифларини амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди ва унинг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Пандемия даврида мамлакатларнинг ихтиёрий мажбуриятларни қабул қилиш тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш таклифи Шавкат Мирзиёев томонидан биринчи марта шу йилнинг июль ойида Халқаро меҳнат ташкилоти ўтказган саммитда илгари сурилган эди.

БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида сўзга чиққан Ўзбекистон етакчиси яна бир ташаббусни илгари сурганди. Президент камбағаллик билан курашда парламентлар ролини ошириш бўйича халқаро ҳужжат — БМТ резолюциясини қабул қилишни таклиф этганди.

Нозим Ҳусанов

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов биринчи таклиф юзасидан ишларни мувофиқлаштириб, кодекс лойиҳаси устида иш бошланганини билдирди. Унинг айтишича, пандемия каби оғир дамларда давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари, хусусан фуқаролари ва ҳамкор ташкилот, давлатлар олдидаги масъулияти кодекс лойиҳасида акс этмоқда.

«Давлатнинг ихтиёрий мажбуриятига нималар киради? Кодекс лойиҳасида ушбу масала бўйича 8та йўналишга урғу берилган. Биринчи навбатда, бу — хавфсиз меҳнат. Негаки, пандемияда шифокорлар энг олд қаторда ишлади, уларнинг соғлиғи ҳам хавф остида бўлди. Иккинчидан, ишсизликнинг олдини олишга қаратилган чоралар. Сир эмаски, пандемияда кўп корхоналар ўз фаолиятини тўхтатди. БМТ маълумотига кўра, 400 миллион меҳнаткаш иш ўрнидан айрилди.

Учинчи йўналиш — ижтимоий ҳимоя. Кейинги масала эса миграция, меҳнат муҳожирлигида бўлган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси. Ишлаб чиқаришда занжир узилмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Албатта, фан-таълим ва инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ҳам кодексга киритилди», — деди вазир.

Акмалхон Ортиқов

Иккинчи таклиф юзасидан нутқ сўзлаган иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқовнинг айтишича, парламент халқ манфаатини таъминлаб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладиган олий орган ҳисобланади. Шу туфайли барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун парламентнинг ролини ошириш бўйича махсус резолюция концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

«Концепцияда парламент роли ва ваколатини оширишга доир таклифлар инобатга олинган. Парламентга харажатлар ва молиявий масалалар юзасидан назорат қилишнинг кенг ваколатлари тақдим этилиши кутилмоқда», — дейди у.

Содиқ Сафоев 

Ишчи гуруҳ йиғилишига раислик қилган сенатор Содиқ Сафоев шу йилнинг июнь ойида қабул қилинган БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан Ўзбекистоннинг алоқаларини ривожлантириш бўйича йўл харитаси ҳозирги амалий ишлар билан бирлаштиришни таклиф қилди.

Йиғилиш аъзолари йўл харитаси ва ишчи гуруҳ режасини бирлаштириб, ишларни мувофиқлаштиришга келишиб олди.

Мавзуга оид