Жаҳон | 23:23 / 03.11.2020
8153
2 дақиқада ўқилади

Европа коронавируснинг дунёга тарқалишининг бош манбаси деб аталди

Фото: Burak Akbulut/Anadolu Agency via Getty Images

Ҳаддерсфилд университети (Англия) ва Минью университети (Португалия) генетиклари коронавирус пандемиясининг бош манбаси Хитой эмас, Европа эканини айтишмоқда. Улар бундай хулосага коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиши харитасини тузиш орқали келишган. 

Олимларнинг айтишича, вирус ҳақиқатан ҳам Хитойда пайдо бўлган, бироқ у Америка ва дунёнинг бошқа бурчакларига тўғри Хитойдан эмас, балки Европа орқали тарқалган. Коронавирус авж олгандан кейин ҳаракатланишга нисбатан киритилган чекловлар эса сезиларсиз бўлган ва кеч киритилган.

Тадқиқот раҳбари, клиник генетик Тереза Ритонинг тушунтиришича, у ҳамкасблари билан 26,8 минг вирус геномидан фойдаланиб, коронавирус мутацияси билан боғлиқ 20,2 минг ҳодисани ўзаро таққослаган. 

“Олинган натижалар вирус Хитойда пайдо бўлганини, унинг дастлабки версияси 2020 йил январь ойи давомида тарқалганини кўрсатди. Бироқ вирус Европага тушгач, сезиларли ўзгаришларга учраган ва айнан шу мутация дунёнинг турли бурчакларида аниқланган аксарият касалланиш ҳолатларига сабаб бўлган. У ҳаттоки Шарқий Осиёга қайтиб келган”, – деб айтган Рито. 

Олимларнинг фикрича, март ойининг иккинчи ярмида Хитой билан транспорт алоқасига киритилган тақиқлов вирус тарқалиши суръатларини пасайтиришга ёрдам берган. Бироқ, умуман олганда, ушбу чоралар самараси паст бўлган, чунки Европа ва Шимолий Америка ўртасидаги ҳамда Европа ичидаги ҳаракатланиш апрелда давом этган.

 

Мавзуга оид