Иқтисодиёт | 19:02 / 04.11.2020
10834
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича масалалар ҳал қилинмоқда - Шавкат Мирзиёев

Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросимидаги нутқи матнини келтирди.

«Хитой Халқ Республикаси Раисининг савдо соҳасида барқарорликни таъминлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, шунингдек, турли мамлакатлар иқтисодиётларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш орқали глобал иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган янги стратегик курси Ўзбекистонда юксак баҳоланмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг энг муҳим жиҳатларига тўхталишни истардим.

Биринчидан. Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни, шу жумладан ташқи савдо режимини либераллаштириш изчил амалга оширилмоқда.

Жаҳон савдо ташкилотига кириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича масалалар ҳал қилинмоқда.  

Норматив-ҳуқуқий базамизни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Божхона-тариф, фискал тартибга солиш ва экспорт-импорт процедуралари механизмларини такомиллаштиряпмиз, уларни сезиларли даражада соддалаштиряпмиз, “яшил йўлаклар”ни шакллантириш давом этмоқда.

Икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатурасини келишиш ва уларни ишлаб чиқариш лойиҳаларига инвестициялар йўналтирилишини рағбатлантириш таклиф этилади», деган давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2019 йил июль ойида Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни кўриб чиқишга тақдим этган пайтда бошланган эди. 2019 йил ноябрида Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши учун 5 млн евро ажратди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тузилган.

2020 йил июлида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон ва ЖСТ мамлакатнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши бўйича қўшма ишчи гуруҳ учрашувларини қайта бошлаётгани ҳақида хабар берган. 

Мавзуга оид