«Ўзбекконцерт» раҳбариятида ўзгариш юз берди
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси раҳбариятида ўзгариш юз берди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Маданият вазири Озодбек Назарбеков санъат аҳли билан учрашган. Учрашув давомида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Айни пайтда Маданият вазирлиги Концерт-томоша фаолиятини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Анвар Тожибоев “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Анвар Тожибоев фаолияти давомида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директор ёрдамчиси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ижодий бирлашмалар ва халқ ижодиётини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Маданият вазирлиги Ижодий бирлашмаларни ривожлантириш ва оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби вазифаларда ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойи бошларида 2017 йилдан буён муассасага раҳбарлик қилиб келган Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан муассаса директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Жамолиддинов вақтинча директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.