Жаҳон | 22:13 / 06.11.2020
12557
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко янги сайловлар ўтказилишига кафолат берди

Беларус президенти Александр Лукашенко фуқаролар янги сайловлар ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилса, уларнинг ўтказилишига кафолат беришини айтди. Лукашенко бу ҳақда 6 ноябрда Минск метросининг учинчи йўналиши очилиши тантанали маросимида айтиб ўтди.

Фото: TASS/EPA

“Айни вақтдаги энг долзарб масалага тўхталсак. Баъзилар биздан янги сайловларни талаб қилишмоқда. Сиз бу борада қарор қабул қилишингиз билан улар ўтказилишини кафолатлайман. Кафолатлайман”, деб айтган Беларус раҳбари.

Лукашенко ғарб давлатларининг Беларусдаги вазиятга “қизиқиш билдираётганлари”ни айтиб, уларга “яхшиси ўз ички муаммолари билан шуғулланишни” таклиф қилган.

“Немислар кечагина биздаги вазиятдан қайғуриб, парламентда биз, беларуслар учун қарор қабул қилишибди. Сиз аввал ўзингизнинг муаммоларни ҳал қилиб олинг. Польшадаги муаммоларни ҳал қилинг, у сизга яқинроқ. Ва энг асосийси: улар америкаликлардан янги сайловлар ўтказилишини талаб қилишга журъат қила оладиларми? Кўраман, немислар америкаликлардан янги сайловлар ўтказилишини талаб қилганда нима бўларкин”, деб қўшимча қилган Лукашенко.

Беларус президенти фуқароларни мамлакатда юз бераётган воқеаларни теран таҳлил қилишга ва шундан келиб чиқиб ўз фикрларини шакллантиришга чақирган. “Мен ўз бошингиз билан ўйлашингизни истайман. Ўйланг ва бирор-бир нима десангиз, буни асослаб беринг. Билиб қўйинг, сиз кетасиз, фарзандларингиз ўрнингизга келади. Улар ўз ватанидан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Келинг, шу ҳақида ўйлайлик”, деб таъкидлаб ўтган Беларус раҳбари.  

Аввалроқ  Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Беларусдаги вазият бўйича ҳисоботи эълон қилинганди. Унда Беларус раҳбариятига қоидабузарликлар аниқлангани учун августда ўтган президент сайловларини бекор қилиш ва халқаро стандартлар асосида янги сайловлар ўтказиш тавсия қилинган.

Беларус президенти сайловлари 9 августда бўлиб ўтганди. Уларда амалдаги президент Лукашенко 80 фоиздан кўпроқ овоз билан 6-муддатга қайта сайланганди. Шундан кейин мамлакатда сайловлар натижаларига қарши ва Лукашенконинг кетиши талаби билан норозилик намойишлари бошланганди.

Мавзуга оид