UzAuto Motors'га бож имтиёзи берилган ёки берилмагани ҳақидаги маълумот «махфий» экани маълум қилинди
«UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ хориждан олиб келиб сотаётган автомобиллар учун импорт божи ва утилизация йиғимини тўламаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақдаги маълумот жамоатчиликдан сир тутилмоқда.
Олий Мажлиснинг бир гуруҳ депутатлари шу масалада Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигига депутатлик сўрови юборган эди. Маълум бўлишича, Давлат божхона қўмитаси сўровга жавоб йўллаб, ундаги маълумотлар «махфий» эканини билдирган.
Депутатлар бу жавоб билан танишишдан бош тортишмоқда.
«Давлат божхона қўмитаси томонидан депутатлик сўровимизга юборилган жавоб махфий, яъни фақатгина танишиш учун белгилангани ва жамоатчиликка ошкор қилиниши ёки маълумотлардан фойдаланиш мумкин эмаслиги учун танишиш ҳуқуқидан воз кечдик.
Маълумотлар махфийлиги, ҳужжат билан танишмасдан ҳам, «UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобил заводи» МЧЖ томонидан импорт қилинаётган автомобилларга миллиардлаб сўмлик имтиёзлар берилаётгани борасидаги шубҳаларимизни яна бир бор тасдиқлади. Шундай экан, билмайин ҳам, куймайин ҳам дедик», – деб ёзди Дониёр Ғаниев Telegram-каналида.
Депутатлик сўрови муаллифларидан бири Расул Кушербаев ҳам бу ҳолатга муносабат билдирди.
«Бошқалардан фарқли ўлароқ, депутат фаолияти очиқ бўлиб, жамоатчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан ошкора мулоқотлар олиб боришни бурчимиз, деб билганимиз сабабли келгусида бизни қандайдир «қўрқинчли сир»ларни ошкор этиб, «йўқ обрўси»ни туширишда айбламасликларини хоҳладик. Шундоғам, пайт пойлаб туришибди. Шу нуқтайи назардан, қўлимизга олиш мумкин бўлмаса-да, фақат танишиб, кейин жим юрилиши керак бўлган махфий жавоб билан танишишдан бош тортдик», – деб ёзди у Telegram-каналида.
Депутатлик сўрови 23 октябрь куни юборилган бўлиб, божхоначилар жавоби 6 ноябрда олинган. Қонунчиликка кўра, депутатлик сўровига у олинган кундан эътиборан 10 кун муддат ичида жавоб берилиши керак. Ҳозирча Молия вазирлигидан жавоб келган-келмагани маълум эмас.
«Айрим монополистлар манфаатлари учун имтиёзлар ёпиқ ва махфий ҳолда тақдим этилиши мумкинми?» – дея муносабат билдирди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Ушбу иқтисодчининг ҳисоб-китоблари «UzAuto Motors» АЖга хориждан автомобиль импорт қилишда эксклюзив равишда бож тўламаслик ҳуқуқи берилганига ишора қилмоқда.
«UzAuto Motors» шу йил бошидан тўртта кроссовер импортини бошлаган. Tahoe ва Traverse АҚШдан, Trailblazer Таиланддан, Equinox эса Хитойдан олиб келиб сотилмоқда.
«Ўзавтосаноат» таркибидаги бошқа бир корхона – «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ эса шу йил июлдан Volkswagen Caddy автомашиналарини, октябрь ойидан эса Škoda Kodiaq автомашиналари сотувини бошлади.
Мавзуга оид
17:56 / 06.11.2024
Тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари бождан озод қилинди
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди
21:11 / 02.10.2024