Қорақалпоғистонда икки туман ҳокими ўзгарди
Қорақалпоғистоннинг Қораўзак ва Чимбой туманларида янги раҳбарлар иш бошлади.
Узақберген Утамбетов Қораўзак тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати маълум қилди.
У шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги бошқармаси раиси лавозимида фаолият олиб бораётганди.
У 2019 йилнинг 25 майидан бери Қораўзак тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Роман Жумабаев ўрнида иш бошлади.
2018 йилдан буён Чимбой туманига ҳокимлик қилиб келган Пўлат Эшонов ҳам лавозимини тарк этган.
Kun.uz мухбири Жўқoрғи Кенгесдаги манбасига таяниб хабар беришича, Айбек Тажетдинов Чимбой тумани ҳокими этиб тайинланган.
Шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Айбек Тажетдинов Чимбойнинг янги ҳокимига айланган.
6 ноябрь куни Нукус шаҳри ҳокими ўзгаргани хабар қилинганди. Парахат Турешов бетоблиги учун лавозимини тарк этиб, унинг ўрнини Утемурат Панаев эгаллади.